«Қиз қувди» ўйини асосида шоу

«Қиз қувди» ўйини асосида шоу

«Қиз қувди» - қозоқ халқининг қадимий анъанавий ўйини. Одатдагидан бошқача беллашув иштирокчиларнинг чавандозлик санъатини намойиш этади. Қозоғистон ва Франция каскадёрлари иштирокида ташкил қилинган чавандозлар шоуси ташкилотчилари ана шу беллашувни асос сифатида танлаб олди. Туркистондаги «Карвонсарой» аренасида бир ярим соатлик тенги йўқ томоша давомида жуда мураккаб отлиқ трюклар намойиш қилинади. «Қиз қувди» ёруғлик шоуси ва театрлаштирилган томошани ҳам ўз ичига олган. Унда асосий ўрин француз қизи Одри Хубесега ажратилган. Масъулиятли вазифа учун бу қиз бежиз танланмаган. У Франция от спорти олий мактаби мутахассиси. Кўчманчилар маданиятига ёшлигидан қизиқиб келади.

Одри Хубесе, каскадёр, Франция:

- Биз Қозоғистонга илк марта 26 февраль куни етиб келдик. Қозоғистонлик каскадёрлар ва мутахассислар билан бирга, жамоа бўлиб ишлаш туфайли, бир ой ичида шоуни тайёрладик. Мен илк марта отга минганимда атиги 2,5 ёшда бўлганман. Шундан буён бу ишга меҳр қўйганман. Қозоғистонга келишдан аввал кўп нарсаларни ўқиб чиқдим, «Қиз қувди» ҳақида маълумот тўпладим. Афсуски, инглизча ва французча саҳифаларда бу ҳақда маълумот кам. Бу ерга келгач, мамлакат тарихи, анъаналари ва ўзига хослигини чуқур ўргандим.

От эгарида ўтириб, мураккаб трюкларни бажариш осон эмас. Лекин Одри ўзининг профессионаллигини намойиш этди, оммавий шоу учун яхши тайёрланди. Ҳозир қиз қозоғистонлик от спорти усталари билан тенгма-тенг ишлаётганидан мамнун. Айни вақтда у Буюк дашт кўчманчилари бой маданиятини оммалаштиряпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси