Қозоғистонда жиноий иш тафтишида электрон усулга ўтилмоқда

Қылмыстық істер электрондық форматта
halyqline.kz

Қозоғистон МДҲ мамлакатлари ичида биринчи бўлиб жиноий ишларни электрон тафтиш этишга киришди. Ҳозир жиноий ишларнинг 70 фоизи шундай форматда. Йил охиригача 100 фоизга ўтилиши режалаштирилган. Марказий коммуникациялар марказида Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев маълум қилишича, бунинг натижасида тафтиш вақти қисқаради, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимояланади.

Умуман олганда, вазир фикрича, Қозоғистонда жиноятчилик ҳолатлари камайиб бораётгани кузатилмоқда. Айниқса, ўсмирлар томонидан содир этиладиган қонунбузарлик ҳолатлари анча камайган. Алкоголли ичимликлар истеъмоли туфайли юз берган жиноятлар ҳам озайган. "Халққа яқин полиция" режасини рўёбга чиқариш вазиятни янада яхшилаши кутиляпти.

Ерлан Турғумбаев, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири:

- Давлат раҳбари топшириғига биноан "Халққа яқин полиция" режаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида тураржойлар, парк ва хиёбонларда пиёда патруллар кўпайтирилади. Жиноят кўп содир этиладиган ҳудудларда замонавий модуль полиция постлари қўйилди. Постларда кеча-кундуз фуқаролардан ариза қабул қилиш ва хизматни давом эттириш учун шарт-шароит яратилган. Шунингдек, "полиция чақириш" сигнализацияси ўрнатилган. Фуқаро бевосита навбатчи қисмга мурожаат эта олади.

Бундан ташқари, Таълим вазирлиги билан биргаликда хавфсизликни таъминлашга қаратилган қатор янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Шу жумладан, Татаристонда юз бергани каби воқеаларнинг олдини олиш учун ўқувчи ва ходимлар иштирокида фавқулодда ҳолат - ёнғин, зилзила, тошқин, террор ҳаракатлари, одамлар гаровга олинганида қандай иш тутиш бўйича машқлар ўтказиляпти.

Ерлан Турғумбаев, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири:

- Мамлакатдаги барча мактабларда текширув ўтказилмоқда. Қатор камчиликлар аниқланди. Мактаблар 100 фоиз видеокузатув тизими билан таъминлангани ҳолда, уларнинг салкам эллик фоизи белгиланган стандартларга тўғри келмайди; мактабларнинг учдан бир қисми шошилинч хабар бериш тизими билан жиҳозланган; 8 фоизида хавф тугмачаси бор; 5 фоизида кириш-чиқишни бошқариш тизими ўрнатилган; 4 фоизига турникет қўйилган, атиги 1 фоизида металл изловчи ускуна бор. 6 фоиз мактаб қўриқловчи ташкилотлар билан шартнома тузган.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×