Қозоғистонликлар пластикка эътиборлироқ бўлмоқда

Қозоғистонликлар пластикка эътиборлироқ бўлмоқда

Жаҳондаги барча халқлар аста-секин пластикка қарши чоралар кўряпти. Иккиламчи хомашё қайта ишланмоқда, нисбатан парчаланиши осон материаллардан фойдаланиляпти, тегишли қонунлар ишлаб чиқилаётир. Халқаро тадқиқотларга кўра, бир ҳафта давомида инсон организмига битта банк карточкаси ясаш учун етарли пластик кирар экан.

Айнур Батирханова, чиқиндини қайта ишлаш бўлими менежери:

- Ўтказилган қатор тадқиқотлар давомида пластик зарралари плацентада ҳам, янги туғилган болалар организмида ҳам, кўкрак сутида ҳам, Эверест чўққиси ва ҳатто Марианна ботиғида ҳам мавжуд. Ваҳоланки, кўпчилик кимдир олиб бормаса, пластик тарқалмайди, деб ўйлайди. Мазкур тадқиқотлар натижасига кўра, пластик аста-секин майдаланиб боришини, парчаланиш ўрнига турли озиқ-овқат занжирларига кириб олаётганини кўряпмиз. Ҳозир у ҳамма жойда бор.

Бу ҳақда қозоғистонликлар ҳам фикр юритади. Аҳоли экологик жиҳатдан анча онгли бўлиб бормоқда, дейди экспертлар. Кўпчилик анъанавий полиэтилен пакетлар ўрнига кўп марталик буюмлардан фойдаланишга ўтяпти. Халталар, газмол тўрвалар, био-пакетлар урфга киряпти. Ҳар қалай, ўзгаришлар бор.

Блиц

- Асосий мақсад – экология, албатта. Одатий пакетдан фойдаланмаслик учун, бундай буюмлар ҳам қулай, ҳам тежамли. Шунақасидан иккитаси менга бемалол етади. (Яъни полиэтилен пакет олмайсизми?) Йўқ.

- Биз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун шундай пакет оламиз. Вазият жуда оғир. Шунинг учун фақат экологик тоза сумкалардан фойдаланамиз. Анча аввал сотиб олганмиз, ҳамиша ўзимиз билан олиб юрамиз.

- Биринчидан, табиатни ҳимоя қилиш учун харид қиламан. Ўзимга керак. Иккинчидан, бор бўлгани яхши, зарур нарса. (Яъни қайта-қайта ишлатаверасиз?) Ҳа, албатта.

Йирик маркетлар ҳам бу экоташаббусни қўллаб-қувватлайди. Улар полиэтилен ўрнига нисбатан хавфсиз вариантларни таклиф этади. Айни вақтда, зарарли пакетлар бепул тарқатилиши тўхтатилган. Мутахассислар айтишича, ушбу қадам туфайли одамлар анча тежамкор бўлмоқда. Мамлакатдаги битта йирик дўконда ўтказилган тадқиқот пластик пакет сарфи 60 фоизга камайганини кўрсатди.

Асел Айтмағамбетова, гипермаркет категория менежери, Нур-Султон:

- Биз пластик ҳаддан зиёд кўп қўлланишидан қочиш учун муқобил пакетларни таклиф қила бошладик. Натижада, ўн миллионлаб пакет чиқинди сифатида ташланмайди. Пластикдан ортиқча фойдаланишдан воз кечаётган харидорларимиздан миннатдормиз ва ҳаммани улардан ўрнак олишга чақирамиз.

Айнур Батирханова, чиқиндини қайта ишлаш бўлими менеджери:

- Одамлар харид учун ўз пакети билан келиши жаҳонда кенг тарқалган амалиёт. Шунинг учун биз ҳаммани имкон қадар экологик яшаш тарзига ўтишга чақирамиз. Бунинг учун биринчи навбатда полиэтилен пакетлардан воз кечиш зарур, агар аввал сотиб олган бўлсангиз – ўзингизни айбламанг. Уларни турли чиқиндилардан тоза ҳолатида қайта ишлашга жўнатиш мумкин. Яъни озиқ-овқат ёки ёғ тўкилмаган бўлиши лозим.

Ифлос пакетларни ювиб, қуритиш ва қайта ишлашга юбориш мумкин. Шунда улардан келадиган зарар камаяди. Битта пластик пакет 7 марта қайта ишланиши мумкин. Шундан кейин ҳеч нарсага яроқсиз ҳолатга келади ва атроф-муҳитга тушади. Экспертлар фикрича, фуқаролардан чиқиндини тўғри саралашни талаб қилувчи қонун қабул қилиниши вазиятни ўзгартира олади. Ва ҳар бир инсон сайёрага етказилаётган зарар ҳақида улкан мушоҳада юритиши лозим.

Абдумалик Сарманов таржимаси