Қозоғистонлик теннисчи афсонавий Серена Уильямсни мағлуб қилди

Елена Рыбакина
24.kz

Қозоғистон спортида яна бир муваффақият! Теннисчи Елена Рибакина 23-Катта дубулға турнири ғолибаси, афсонавий Серена Уильямсни мағлуб қилди. Спортчилар Парижда, «Ролан Гаррос» турнирида тўқнашди. Қозоғистоннинг биринчи ракеткаси бир соатдан сал кўпроқ давом этган курашда ғалабага эришди. Биринчи сетни 6:3, иккинчисини 7:5 ҳисобида якунлади. Шу тариқа, Рибакина карьерасида биринчи марта «Ролан Гаррос» турнири чорак финалига ўтди. Ярим финалга чиқиш учун у энди Россия вакиласи - Анастасия Павлюченковани мағлубиятга учратиши лозим. Франция очиқ биринчилиги 12 июнгача давом этади.

Елена Рибакина, теннисчи:

- Бугунги матчдан жуда мамнунман. Албатта, кортга чиқаётганимда бундай муваффақиятга эришишим мумкинлигини ўйламагандим. Мураббий билан қандай режа асосида курашишни маслаҳатлашдик, унга риоя этишга ҳаракат қилдим. Ва бу нарса иш берди. Ҳамма совуққонлигимдан кулади. Лекин аслида жуда тўлқинландим. Умуман олганда, ҳиссиётларимни кўрсатмасликка ҳаракат қиламан.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×