Пойтахтда Мирзагелди Кемел хотираси ёдга олинди

Мырзагелді Кемел
azattyq-ruhy.kz

Пойтахтда қозоғистонлик таниқли жамоат арбоби ва ёзувчи Мирзагелди Кемел хотираси ёдга олинди. Гумилёв номли Евроосиё миллий университетида тантанали шаклда унинг номи берилган аудитория очилди. Тадбир икки муҳим сана - республика мустақиллигининг 30 йиллиги ва олий таълим даргоҳининг 25 йиллигига бағишланди. Маросимда мажилисменлар, жамоат арбоблари, ёзувчининг ҳамкасблари ва яқинлари иштирок этди. Улар арбобнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритиб, Мирзагелди Кемел ўзининг ортидан улкан адабий мерос қолдирганини тилга олишди. Эслатамиз, ёзувчи бир йил муқаддам, 19 май куни 72 ёшида дунёдан ўтган.

Қазибек Иса, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

- Мирзагелди оға фаол илмий тадқиқотлар биан шуғулланиш билан бир вақтда кўплаб асарлар муаллифи ҳам эди. «Фазилат алифбеси», «Ақл тўрваси» каби асарлар унинг қаламига мансуб. Асарлари шу кунларда ҳам Қозоғистон радиотингловчилари орасида машҳур. Мирзагелди оға кўп йиллик меҳнати меваси бўлган ижод намуналари ёш авлодга ҳам фойдали эканлигига ишонаман.

Бақитжан Кемел, Мирзагелди Кемелнинг ўғли:

- Бу аудиторияда у лекция ўқиган. Ҳозир бу ерга отам ёзган асарлар коллекциялари қўйилган. Бу китоблар ёш авлоднинг камолотга интилишига сабаб бўла олади. Ҳар бир инсонни ўз-ўзини англаш, ўзига ва атрофидагиларига бўлган муносабатини ўзгартириши учун ҳаракат қилишга чақиради. Кўплаб саволларга жавоб топишга ёрдам беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×