Оролбўйи экологик инновация ҳудуди деб эълон қилинди

Оролбўйи экологик инновация ҳудуди деб эълон қилинди

Оролбўйи экологик инновация ва технологиялар зонасига айланади. БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси бир овоздан маъқулланди. Унинг доирасида минтақада экологик, ижтимоий-иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган тадбир ва ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Ташаббусни 50 дан зиёд давлат илгари сурди. Улар орасида Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусь, Россия, Тожикистон ва Туркманистон бор.

Орол қачонлардир ўлчамига кўра дунёдаги тўртинчи ёпиқ денгиз бўлган. Ҳозир у деярли қуриб қолган, кичик сув ҳавзасига айланган. Овланадиган балиқ турлари, минтақада яшаган Турон йўлбарси, қоплон, оққуш, сақоқуш, оқ қўтон ва бошқа жондорлар йўқолиб кетди.

Орол денгизининг очилиб қолган тубида 5,5 миллион гектарни ташкил қилувчи шўрхок саҳро пайдо бўлди. Унда юз берадиган чангли бўронлар тонналаб чанг ва заҳарли тузларни атмосферага олиб чиқади, минглаб километр масофага олиб кетади. Ўсимликларни нобуд қилади. Экологик фалокат миллионлаб одам саломатлигига таъсир кўрсатди. Врачлар бўғиз ва қизилўнгач раки, шунингдек, респиратор, кўз ва бошқа касалликлар сони ортиб бораётганини айтади. Орол денгизи аввалги ҳолатига қайтмаса керак, лекин аҳолини ҳимоялаш, ёрдам бериш керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси