«TikTok»-даги ўқитувчилар мухлислар орттирмоқда

«TikTok»-даги ўқитувчилар мухлислар орттирмоқда

Қозоғистонлик ўқитувчилар «TikTok» тизимига киряпти. Уч ёш устоз – кимё, физика ва инглиз тили ўқитувчиси тармоқда оммалашиб бормоқда. Бугунги кунда уларнинг тармоқдаги ўқувчилар учун фойдали контентини ўн минглаб фойдаланувчи томоша қилади.

“Мактаб фанлари қизиқарли бўлиши лозим”, дейди ёш педагоглар. Айни вақтда, «Z» авлоди кунини смартфонсиз тасаввур қила олмайди. «TikTok»-ва «Instagram» – болалар энг кўп вақт сарфлайдиган ижтимоий тармоқлар ҳисобланади. Шунга асосан ғоя туғилди: балки шу сайтларда дарс бериш керакдир? Мураккаб нарсаларни содда ва оддий қилиб, қувноқ шаклда тушунтириш керак эмасми?

Улан Усенов, кимё ўқитувчиси:

- Болаларга ўқиш қизиқарли бўлиши мумкинлигини кўрсатиб беришни истадик. Истиқболни очиб бериши мумкин бўлган воситалардан бири – боланинг ўзидаги қизиқиш. Ҳавас бўлса, кўп адабиётларни кўриб чиқади, тушунишга ҳаракат қилади. Асосийси, қизиқсин. Бу нарсани эса биз уддалай оламиз.

«Jump2Mars» лойиҳаси бир ойга етмасдан TikTok»-да салкам 30 минг обуначи тўплади. Жамоа тарихий фактлар ҳақида ҳикоя қилади, викториналар ўтказади, ЯМТ учун тестлар қўйиб, танловлар уюштиради.

Жангир Қўржумбаев, инглиз тили ўқитувчиси:

- Нималарнидир қизиқарли қилиб кўрсатиш мумкин. Юмор билан ёндашиш ёки грамматикани дарсдагидан бошқачароқ тушунтирса бўлади. Шунинг ўзи билан анча олға бориш мумкин.

Ўқитувчилардан бири Бисултан Умирбаев айтишича, «Jump2Mars» лойиҳаси – таълимга меҳрни кўрсатади. Болалар соатлар давомида кўнгилочар контентга вақт сарфлаётган экан, фойдали нарсаларга йўналтириш маъқул эмасми? Мактаб дастури доирасида ҳам, ижтимоий роликлар ҳам қўйиш мумкин. Устозлар бўлажак лойиҳаларни режалаштирмоқда.

Бисултан Умирбаев, физика ўқитувчиси:

- Анъаналарга, Қозоғистон маданиятига боғланган мавзуларни айтиб ўтиш даркор. Уларни оммалаштириш керак. Статистикага назар солсак, TikTok» аккаунтимизни Қозоғистондан ташқарида ҳам томоша қилишади. Обуначиларимиз орасида Россия, Украина, адашмасам, МДҲнинг барча мамлакатларидан болалар бор. Миллий анъаналар ҳақида гапирар эканмиз, бу мавзуни халқаро даражага олиб чиқамиз.

Шуни айтиш керакки, мазкур лойиҳа фақат фидокорлик асосида иш юритяпти. Ўқитувчилар келажакда ўз ишини тижорат асосига қўйиш ниятида эмас. Бундан ташқари, замонавий форматда ишлашни истовчи ҳар бир педагог жамоа аъзоси бўлиши мумкин. Ташкилотчилар айтишича, кўп устозлар улар қаторига киришни истаб, мурожаат этяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси