Қозоғистонда миллий парклар ривожланяпти

Қозоғистонда миллий парклар ривожланяпти

Миллий парклар – мамлакатимиз туристик соҳаси ўсишидаги янги нуқталар. Республикада уларни ҳар томонлама ривожлантириш режалаштирилган. Биринчи навбатда – Чорин ва Алтин-Эмелни. Келгуси икки йил давомида паркларда визит-марказлар, этноовуллар, эко-отеллар, кемпинг, глемпинг учун майдонлар ва кузатиш майдончалари очилади. Бу мақсадлар учун 10 миллиард тенге атрофида инвестиция жалб этилди. Лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун масъул бўлган «Qazaqgeography» компанияси вакили Аида Табелинованинг айтишича, биринчи навбатда миллий парклар инфратузилмалари ривожлантирилади. Шу билан бирга, ўлканинг тарихий меросига эътибор қаратилади.

Аида Табелинова, География фанлари номзоди, «Qazaq Geography» бош менежери:

- Миллий парк – шунчаки чиройли табиат манзаралари эмас. Масалан, Алтин Эмель – аввало Чўқон Валихоновнинг сўнгги кунлари ўтган жой, Алтин Эмель, шунингдек, кўпсонли тарихий-маданий объектлар манзилгоҳи. У ерда Бесшатир қўрғонлари ҳам бор. Шунинг учун мазкур ҳудудларда нафақат биохилма-хилликка оид лабораториялар, балки тарихий-маданий, экологик-маърифатчилик илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳам зарур.

Ҳозирча лойиҳалар устида иш олиб бориляпти. «Qazaqgeography» вакиллари таъкидлашича, қатор мутахассислар - геологлар, геоморфологлар, гидрологлар, биологлар, зоологлар, ботаник ва сейсмологлар фикрларини ҳисобга олган ҳолда мажмуавий иш олиб бориш зарур.

Аида Табелинова, География фанлари номзоди, «Qazaq Geography» бош менежери:

- Барча зарур жараёнлардан ва тегишли рухсатномалар олинганидан кейингина қурилиш ишлари бошланади. Шунинг учун атроф муҳитга таъсирини хомаки ҳисоблаш, рекреацион юкламани аниқлаш, жамоат тингловлари ташкил қилишдан тортиб, миллий паркдаги табиий ва маданий мерос объектларини сақлаб қолишга имкон берувчи таълимий, экологик, картографик лойиҳаларни ишлаб чиқишгача бўлган ишлар бажарилади.

Ҳозир Алтин Эмель ва Чоринга йилига 20 минг одам келади. Лойиҳаларнинг рўёбга оширилиши туристлар оқимининг бир неча марта ортишига олиб келиши кутиляпти. Улар яқин ва узоқ хориждан ҳам бўлиши аниқ.

Абдумалик Сарманов таржимаси