Янги Зеландия спортчиси қозоқ миллий спортини ўзлаштирди

Янги Зеландия спортчиси қозоқ миллий спортини ўзлаштирди

Янги Зеландияда яшовчи сумо курашчиси Қозоғистон ва миллий спортимиз - қозоқча курашни ёқтириб қолди. 4 йил давомида Чико Пембертон Alem Barysy биринчилигида қатнашиш учун 14 минг километр йўл босиб, беллашувларга етиб келади. 175 килограмм тош босувчи спортчини томошабинлар олқишлайди ва у энг оғир иштирокчи этиб тан олинади.

Чико Реремоана Пембертон, Янги Зеландия фуқароси:

- Спортнинг бу турини яқиндагина билиб қолдим. Қозоқ кураши халқаро федерацияси Янги Зеландия номидан қатнашишни таклиф этди. Жуда қизиқдим. Бу мутлақо бошқача спорт, ўзига хос қоидалари, усуллари бор. Лекин жуда тез ўрганяпман. Қозоғистон жамоаси жуда кучли ва тажрибали. Ҳатто мендан анча енгил спортчилари ҳам гиламга чиққанда кучли рақиб эканлигини намойиш этишяпти.

Паҳлавонга ушбу спорт тури ҳам, мамлакат ҳам ёқиб қолди. Айниқса, қозоғистонликларнинг очиқ кўнгиллигидан мамнун бўлди. Нур-Султон, Алмати шаҳарлари ва улар атрофини кезди. Қозоқ халқи маданияти, қисман тилини ўрганди. Ўзининг ибораси билан айтганда, бетакрор миллий таомлардан татиб кўрди.

Чико Реремоана Пембертон, Янги Зеландия фуқароси:

- Ҳаммаси менга жуда ёқди, кўплаб янги одамлар билан танишдим, вақтимни хушкайфиятда ўтказдим. Ҳар сафар келганимда қази ейишни канда қилмайман. Жуда мазали. Атрофдаги одамларнинг бағрикенглиги мени қувонтиради. Бошқа мамлакатларга ҳам борганман. Бундай шароитни ҳамма ерда ҳам учратавермайсиз. Қозоқ спортчилари билан кўпроқ шуғулланиш ва мамлакат бўйлаб сайр қилишни истардим.

Спортчи Янги Зеландия яқинидаги Кук оролларида яшайди. Сумо ва реслинг билан шуғулланади. Лекин бошқа яккакурашларни ҳам ёқтиради. Улар қаторида қозоқча кураш ҳам бор. Полвон бу спортга оид малакасини ошириш ниятида. Келажакда у Қозоғистонга албатта қайтиб келишни режалаштирган.

Абдумалик Сарманов таржимаси