Британиялик ёзувчи Қозоғистон ҳақида асар ёзмоқда

Британиялик ёзувчи Қозоғистон ҳақида асар ёзмоқда

Кичкина қизча билан тулпорнинг яқин ва самимий дўстлиги. Болалар ёзувчиси Луис Пулнинг «Ёрқин юлдуз» асари шу ҳақида ҳикоя қилади.

Бадиий асар ёзиш ғояси қаламкаш қизалоғи билан Шропшир графлигига борганида туғилган. Жажжи фарзанди чор-атрофда ўтлаётган отларга катта қизиқиш билан қараган, уларнинг қаердан келгани, қандай қўлга ўргатилгани хусусида роса сўраб-суриштирган. Уйга қайтгач, Луис Бўтай маданиятини ўрганишга киришди. Айнан шу даврда одамлар илк марта арғумоқларни қўлга ўргатган. Бу воқеа ҳозирги Қозоғистон ҳудудида юз бергани сир эмас.

ЛУИС ПУЛ, ЁЗУВЧИ:

– Китобнинг сюжет чизиғи мен Қозоғистон ҳақида маълумот тўплай бошлаганимда шаклланганди. Отларнинг келиб чиқишини чуқурроқ ўргандим. Тадқиқотим давомида мамлакат табиати ва қозоғистонликлар тўғрисида ҳам кўп нарсани билиб олдим.

Китобнинг бош қаҳрамонлари – 12 ёшли Раушан ва Ёруғ юлдуз лақабли тойчоқ. Муаллиф айтишича, мустаҳкам дўстлик ҳақидаги ҳикоя 7 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Шу билан бирга, муаллиф катталар ҳам бу китобдан кўп нарса олиши мумкинлигига ишонч билдирди. Луис - рассом. Шунинг учун китоб иллюстрацияларини ўзи тайёрлади.

СТИВ ПУЛ, ТАДБИРКОР:

– Мен китобни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватладим. Луисни ҳам маънавий қўллаб-қувватлайман. Тадқиқотда ёрдамлашдим.

ЛУИС ПУЛ, ЁЗУВЧИ:

– Ўзим Қозоғистонда бўлмаганман. Мамнуният билан борган бўлардим. Айниқса, бу мамлакат маданияти, тарихи ва халқи қизиқтиради. Машҳур олмалар қандай пишишини кўришни истардим. Тошлардаги петроглифларни кўришни хоҳлайман.

Ҳозирча китоб қаттиқ муқовада чоп этилди. Лекин яқин келажакда муаллиф фикрича, асарнинг электрон нусхаси ҳам чиқади. Луис бу ҳикоянинг давоми бўлиши мумкинлигини инкор этмайди. Раушан ва Ёрқин юлдуз саргузаштлари албатта давом этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси