«Замин, инсонга тиз чўқ!» кўргазмаси очилди

«Замин, инсонга тиз чўқ!» кўргазмаси очилди

Бугун бутун дунё Космонавтика кунини нишонлайди. 60 йил муқаддам – 1961 йил 12 апрелда Қозоғистон заминидан илк бора космосга инсон парвоз қилган. Ўтган давр давомида Коинот қучоғида бир ярим минг нафардан зиёд космонавт сайр қилган бўлса ҳам, Юрий Гагарин космос сари инсоният учун йўл очиб берган биринчи одам эди, қозоқ замини эса космонавтика ватани бўлди.

Ушбу воқеа муносабати билан Нур-Султонда ноёб халқаро лойиҳа – «Замин, инсонга тиз чўк!» кўргазмаси ташкил қилинди. Тадбир Биринчи Президент музейида ташкил этилди. Экспозицияни шартли равишда учга тақсимлаш мумкин. Улардан бири инсониятнинг космосга йўл очиши учун васила бўлган Қозоғистон замини ўтмишига саёҳат қилиш имконини беради. Иккинчиси «Байқўнғир» космодроми тарихига бағишланган. Учинчиси эса космонавтика тарихи ва Қозоғистондан, бошқа давлатлардан космосга йўл олганлар ҳақида.

Бақитжан Темирбўлат, Қозоғистон Республикаси Биринчи Президент – Элбоши кутубхонаси директори:

- Ушбу кўргазмада элимизнинг эрамиздан аввалги 3-4 мингйилликлардан тортиб, бугунги кунгача бўлган тарихига ойдинлик киритувчи экспонатлар тақдим этдик. Шу тариқа, кўргазмамиз томошабинлари одамларнинг юлдузларга қандай қилиб қўл етказганини кўра олади.

Кўргазма туфайли байрам муҳитини тўлақонли ҳис қила оламиз. Бу ерда ноёб экспонатларни томоша қилиш, ҳатто қўл теккизиб кўриш мумкин. Улар орасида Ернинг сунъий йўлдошлари, дастлабки космонавтлар скафандрлари ҳам бор. Залларда видеоинсталляциялар, картиналар, китоблар, фотографиялар, эксклюзив тангалар ва археологик ёдгорликлар бор.

Жанара Испердинова, экскурсовод:

- Кўргазмага келган одамлар аввал тарихга кириб боради. Мазкур тадбирда тақдим этилган археологик топилмалар, ноёб экспонатлар, иккинчи қисмида аста-секин Бойқўнғир космодроми тарихини билиб олади. Ҳозир биз резиденциянинг энг муҳташам қисми - гумбазли залдамиз. Унда «Замин – биринчилар даври» деб аталган кўргазманинг учинчи қисми тақдим этилган. У бевосита Қозоғистон билан боғлиқ бўлган космонавтика тарихи ва космосни ўзлаштириш тарихига бағишланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси