Қозоғистонда квартиралар нархи ошмоқда

Қозоғистонда квартиралар нархи ошмоқда

Талаб таклифни қимматлаштиради. Қозоғистонда уй-жой нархи тобора ортмоқда. Март ойида янги квартиралар баҳоси 0,5 фоизга ошди. Шарт-шароитлари маромида бўлган квартиралар нархи эса 2 фоизга қимматлашди.

Экспертлар фикрича, уй-жой баҳоси ўсишда давом этади. Шу кунларда Қозоғистонда 1 квадрат метр уй-жой 220 минг тенгедан бошланади ва миллиондан зиёд миқдорга етади. Ҳаммаси харид қилинаётган жойга боғлиқ. Бунинг сабаблари кўп: импорт материаллар тобора қимматлашиб боряпти, шу сабабли аввалги баҳоларда қурувчилар уй-жой сотиш имконига эга эмас.

Талғат Ерғалиев, «Қозоғистон қурувчилар иттифоқи» ташкилоти бошқаруви раиси:

- Қурилиш материалларига келсак: арматура 64 фоизга кўтарилди, у қурилиш ҳажмининг 10-12 фоизини ташкил қилади. Бу эса ҳар бир квадрат метр қимматлашишига таъсирини кўрсатади. Биргина арматурани тилга олдим, ваҳоланки, деярли барча материаллар баҳоси қимматлашди – иссиқлик тутиб турувчи материаллар, керамика ва бошқаларнинг ҳаммаси қимматлашди. Келтириладиган нарсаларнинг ҳаммаси.

Шуни ҳам айтиш керакки, аҳолининг пенсия жамғармаларидан бир қисмини сарфлаш имконияти берилиши ҳам нархларга таъсирини кўрсатди. Натижада, кўплаб қозоғистонликлар дастлабки бадални тўлаш имкониятига эга бўлди. Квартиралар харид қила бошлади.

Руслан Юсупов, риэлтор:

- Кўп одамлар янги қурилаётган бинолардан, иккиламчи бозордан квартиралар харид қила бошлади. Бозорда жонланиш кузатиляпти, май ойида яна битта янги ипотека дастури кутиляпти. Ҳарбийлар учун ипотека. Шундай ҳолат ҳар йили кузатилади. Бозордаги нархлар кўнгилдагидек. Қурувчилар қўйган баҳо бир оз баланд.

Айтмоқчи, бугун Қозоғистонда аёллар учун янги ипотека ҳам ишлай бошлади. «Отбаси банк» хабар беришича, мазкур дастур оилавий даромади 320 минг тенгедан кам бўлган хонимлар уй-жой харид қила олиши учун мўлжалланган.

Янги дастур олдиндан депозитда пул тўплаб улгурмаган ватандошларимизга қулай шартлар асосида 15 фоизини тўлаган ҳолда

уй олишга имконият яратиб беради. Дастур кредит ставкаси 12 фоиз, уни уй-жой заёмига ўтказиш мумкин, натижада кредит ставкаси 3,5 фоизга тушади. Кредит олувчилар учун бошқа уй-жойи йўқлигини исботлаши шарт эмас.

Кўчмас мулк мутахассислари маслаҳат беришича, синалган қурилиш компаниясини танлаш, узоқ кутилган уй-жойни сотиб олишни пайсалга солмаслик зарур. Акс ҳолда янги уй-жой янада қимматроққа тушиши мумкин. Энг муҳими, имкониятларни ўрганиш. Экспертлар айтишича: аҳолининг кўп қисми шу кунларда мавжуд дастурлар ҳақида деярли ҳеч нарсани билмайди ҳам.

Абдумалик Сарманов таржимаси