Қўстанайда гилам коллекцияси кўргазмага қўйилди

Қўстанайда гилам коллекцияси кўргазмага қўйилди

Ёрқин орнаментлар, ғаройиб ранглар товланиши. Ёш қозоғистонлик дизайнер қадимий гиламлар коллекциясини тўплади. Тарихчи-этнограф Лев Гумилёвнинг машҳур асари – «Хазарлар»ни ўқиб чиққач, Анар Сейтжанда шундай одатдан ташқари кўргазма яратиш фикри туғилди. Муаллиф карантин вақтидан унумли фойдаланди. Ноёб экспонатларни тўплади ва Қўстанай вилоят тарих-ўлкашунослик музейида «Ташаббус» деб аталган кўргазма ташкил қилди.

Анар Сейтжан, дизайнер:

- Пандемия даврида, локдаун сабабли қамалиб қолганимизда, бу мавзу менда қизиқиш туғдирди. «Бизда нималар бор экан?!» дея қизиқдим. Шунга ўхшаш анча гиламларни кўриб чиққач, биринчисини харид қилдим. Қизил Ўрда вилоятида тўқилган эди. Ҳаммаси шундан бошланди. Жуда чиройли нусха экан. Биринчи кўрганимда лол қолганман. Шу тариқа коллекциям тўлиб борди. Шуниси қизиқки, гиламларнинг ҳаммасини ё чеваридан, ёки унинг фарзандлари, невараларидан харид қилдим. Ана шу сабабдан буларнинг ҳар бири қайсидир оила учун қадрли буюм бўлганини айта оламан. Ҳар қалай, мен учун шундан белги бергандек туюлди.

Ҳозир дизайнер коллекциясида Қозоғистоннинг турли қисмларидан олиб келинган 18 та қадимий гилам бор. Шунингдек, Ғарбий Монголиядан келтирилганлари ҳам. Қўстанайдаги кўргазмага уларнинг 15 таси қўйилди. Энг қадимий экспонат ўтган асрнинг қирқинчи йилларига мансуб.

Сая Калинова, Қўстанай вилоят тарих-ўлкашунослик музейи тасвирий санъат кафедраси мудири:

- Кўргазмамиз Наврўз байрами кунларида иш бошлади. Ташриф буюрган томошабинларга экспозиция жуда маъқул келди. Чунки бу мавзу авваллари ҳам, бугунги кунда ҳам жуда долзарб. Ва у долзарблигини йўқотмайди ҳам. Ахир инсоният учун мозийга назар солиш имконияти жуда муҳим. Халқимизнинг ўтмишига, илдизларига, аждодларимиз ва мамлакатимиздаги бошқа халқлар қандай яшаганига, кундалик турмушига қизиқиш ҳамиша кучли. Санъатсеварлар жуда катта эътибор берди, менимча, кўргазма етарлича ўзига хос бўлди.

Анар Сейтжан айтишича, Қўстанайда иш бошлаган кўргазма Қозоғистоннинг бошқа минтақаларида давом этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси