Қозоғистонлик ўқувчилар 4-чоракда қандай ўқийди?

Қозоғистонлик ўқувчилар 4-чоракда қандай ўқийди?

1 апрелдан Қозоғистон мактабларида тўртинчи чорак бошланади. Машғулотлар асосан комбинацияланган тартибда ўтказилади. Ҳамма нарса тегишли минтақадаги эпидемиологик вазиятга боғлиқ. Масалан, карантин чекловлари кучайтирилиши сабабли пойтахтда таълим тартибига ўзгаришлар киритилди. Нур-Султон шаҳрида 9-11- синф ўқувчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларининг биринчи курс талабалари учун аралаш форматдан фойдаланилади. Уларда 70 фоиз дарслар одатдаги тартибда, қолганлари эса онлайн шаклда ўтказилади. Бир синфда кўпи билан 15 одам тўпланиши мумкин. Агарда 3 ёки ундан ортиқ ўқувчида коронавирус аниқланса, мактаб 2 ҳафтага ёпилади.

Асил Аманкелдиқизи, шаҳар Таълим бўлими бошлиғи:

- Ўқувчиларнинг таълим олиш тартиби шаҳардаги эпидемиологик вазиятга боғлиқ. Қандай иш тутишимизни шаҳар бош санитар-врачи белгилайди.

Туркистон вилояти ўқувчилари ҳам комбинацияланган тартибга ўтади. Ўқувчи сони 300 нафардан кам бўлган мактабларда эса тўртинчи чоракда ҳам дарслар одатдаги тартибда ўтказилади. Бир синфдаги ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги зарур. Ўқувчи КОВИДга чалинганлар билан мулоқотда бўлса, ота-она аризасига кўра масофадан ўқиши мумкин.

Рахимбек Жўлаев, инсон Салоҳиятини ривожлантириш вилоят бошқармаси раҳбари:

- 70-80 фоиз асосий фанларни болалар мактабда ўқийди. Мусиқа, меҳнат, ҳуқуқ асослари, графика, тадбиркорлик ва бизнес асослари каби бошқа фанлар эса онлайн шаклда ташкил қилинади.

Қўстанай вилоятида ҳам шу тартибда таълим берилади. Ҳар бир таълим даргоҳи ўз дарс жадвалини ҳамда асосий фанлар рўйхатини белгилаб олади. Синфхоналарда ниқобсиз ўтиришга рухсат берилади.

Зауре Байменова, Вилоят таълим бошқармаси раҳбари:

- Барча таълим даргоҳлари иш жараёнини ташкил қилишда санитария меъёрлари ва талабларига риоя этиши зарур.

Таъкидлаш жоизки, «қизил» зонада жойлашган таълим даргоҳларига якка тартибда машғулотлар ўтказиш тақиқланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси