Сенат депутатлари ижтимоий тармоқларни тартибга солмоқчи

Сенат депутатлари ижтимоий тармоқларни тартибга солмоқчи

Сенатда ижтимоий тармоқларни тартибга келтириш таклиф қилинди. Бунинг учун Парламент юқори палатаси депутатлари тармоқ фойдаланувчилари ўз контенти учун масъуллигини белгиловчи алоҳида қонун ишлаб чиқишни таклиф этмоқда. Парламент тингловларида халқ вакили Бақитжан Жумағулов баёнот берди. Унинг айтишича, умумжаҳон тўри кенгликларида ёлғон ахборот тарқалиши миллий манфаатлар учун улкан хавф туғдиради.

Бақитжан Жумағулов, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати:

- Пандемия даврида дунё бўйлаб янада хавфли мафкуравий вируслар тарқала бошлади. Ёлғон ахборот ижтимоий тармоқлар орқали бир зумда тарқаляпти. Шунинг учун ижтимоий тармоқлар тўғрисида қонун қабул қилиш керак. Бу – сўз эркинлигини чеклаш эмас, фойдаланувчиларнинг қонун олдидаги масъулиятини ошириш учун жараённи қонуний ўзанга киритиш.

Сенат айни вақтда тил сиёсати бўйича мавжуд дастурларга ўзгариш ва қўшимчалар киритишни тавсия этди. Бундан мақсад – қозоқ тилининг жамиятдаги ролини ошириш, фойдаланиш доирасини кенгайтириш.

Абдумалик Сарманов таржимаси