Нур-Султонда болалар китоби ҳафталиги бўлиб ўтди

Нур-Султонда болалар китоби ҳафталиги бўлиб ўтди

Болаларни илмий-оммабоп фантастика муҳитига олиб кириш, эртак қаҳрамонлари ва муаллифлари билан таништириш. Нур-Султонда болалар китоблари ҳафталиги ўтказилди. Унинг доирасида ўқувчилар билан учрашувларга Россия ва Қозоғистондан ёзувчи-шоирлар, режиссёр ва кинотанқидчилар таклиф этилди. Қатор лекциялар, шеърий батллар, очиқ дарс ва кинолекторийлар ташкил қилинди.

Александра Поршнева, Қозоғистон Кинотанқидчилар ҳамжамияти аъзоси, фипресси аъзоси:

- Назаримда, кинолекториялар халқ оғзаки ижоди экранда қай тарзда трансформация бўлишини англаш учун жуда муҳим. Анимацион фильмлар устида ишланаётгани, қандай тасвирий санъат анъаналаридан фойдаланилгани ҳам қизиқарли. Умуман олганда, менимча, улар турли даврлар нуқтаи назаридан ҳам, адабиётга бўлган таъсири жиҳатидан ҳам, болаларнинг мультфильм ва турли ҳикояларни қандай қабул қилиши жиҳатидан ҳам муҳим.

Шуни ҳам айтиш керакки, болалар китоби ҳафталиги Қозоғистон ва Россия ўртасидаги мустаҳкам маданий-гуманитар алоқалар тимсоли бўлган тадбирларнинг бир қисмига айланди. Жорий йилда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида қатор қўшма ижодий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Улар қаторида кўргазмалар, театрпостановкалари, концертлар ҳам бор.

Константин Воробьев, Россия фан ва маданият маркази директори ўринбосари, Нур-Султон шаҳри:

- Жорий йилда биз Қозоғистонда Юрий Соломин раҳбарлигидаги Россия Кичик театри гастроллари ўтиши, Ирина Воробьева ва бошқа кўплаб буюк театр арбоблари бўлишини кутяпмиз. Шунингдек, жорий йилда Қўстанай ва Кўкшетау театрлари Петербургдаги «Балтика уйи» фестивали, Саранск фестивали каби йирик ва нуфузли анжуманларда қатнашади. Москва ва бошқа шаҳарларга бошқа театрлар гастролга боради. Кўргазмалар масаласига келсак, жуда кенг дастур тайёрланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси