Қозоғистонда ерларни хусусийлаштириш жараёни соддалашади

Қозоғистонда ерларни хусусийлаштириш жараёни соддалашади

Қозоғистонда ерларни хусусийлаштириш жараёни соддалаштирилади. Ҳозир мамлакатда махсус қонун лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Айни вақтда ҳужжат Мажилис депутатлари қўлида. Ер ислоҳоти бўйича комиссиянинг биринчи мажлисида бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазири Сапархан Умаров фикр юритди. Унинг айтишича, асосий мақсад – ерларни хусусийлаштириш жараёнида фуқароларни қоғозбозликдан қутқариш. Шу жумладан, яқин келажакда ер участкалари онлайн шаклда ажратилади. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси доирасида ер комиссиялари бекор қилиниши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ишлатилмаётган ерларни қайтариб олиш муддати 3 йилдан 1 йилгача қисқартирилиши кўзда тутилган. Ўтган йили ишлатилмаётган қишлоқ хўжалиги ерлари бекор ётмаслиги учун уларга солинадиган солиқ 10-20 марта оширилганди.

Сапархан Умаров, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазири:

- Биз ҳозир 2020 йил январидан декабригача олиб борилган Ақмўла, Шарқий Қозоғистон, Қўстанай ва Манғистау вилоятларида қишлоқ хўжалиги ерларини космик мониторинг қилиш бўйича  пилот лойиҳа натижаларини чиқаряпмиз. Унинг натижасига кўра, пилот минтақаларда 8,3 миллион гектар ишлатилмаётган ер аниқланди. 7,6 миллион гектари яйлов, 0,7 миллион гектари экинзор. Жами 2,2 миллион гектари яна қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилди, 2,05  миллион гектари давлат ихтиёрига қайтарилди.

Вазир айтишича, жорий йилда мамлакатнинг барча минтақаларида космик мониторинг лойиҳаси ишлатилади. Вазир қишлоқ хўжалиги учун ишлатиладиган ерларни хориж фуқароларига ижарага бериш тўғрисида ҳам маълумот берди.  У яна бир марта шу каби ҳар қандай ишни амалга ошириш тўхтатиб қўйилганини таъкидлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси