Миллий музейида таниқли коллекционер Азат Акимбекнинг кўргазмаси очилди

Миллий музейида таниқли коллекционер Азат Акимбекнинг кўргазмаси очилди

Ўтмиш раритетлари пойтахтда. Қозоғистон Миллий музейида хизмат кўрсатган арбоб, таниқли  коллекционер Азат Акимбекнинг «Ата-Мура» кўргазмаси очилди. Ноёб экспозиция 4 бўлимдан иборат ҳолда тақдим этилган. Биринчисига XII-XIX асрларга оид қозоқ халқ санъати ва маиший буюмлари қўйилган. Улар қаторида кийим-кечак, идиш-товоқ, уй жиҳозлари, қуроллар, от анжомлари, қадимий гилам ва тақинчоқлар бор. Иккинчисида эса Марказий Осиё бўйлаб тўпланган 200 дан ортиқ қадимий қўлёзмалар тўпланган. Улар қаторида араб, форс ва чиғатой тилларида ёзилган асарлар бор. Учинчи бўлимда ўтган асрга мансуб тасвирий санъат, графика ва ҳайкалтарошлик намуналари коллекцияси қўйилган. Уларни Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон ижодкорлари яратган. Сўнгги бўлимда Верний – Олма-Ота шаҳрининг 1887 йилдан 1963 йилгача бўлган меъморий қиёфаси акс этган оқ-қора фотосуратлар тўпланган. Коллекционер Азат Акимбек кўргазмаси илк марта мамлакат Миллий музейида ўтказиляпти. Бир ярим мингтадан зиёд экспонатни у салкам эллик йил давомида тўплаган.

Азат Акимбек, Қозоғистон Республикасида Хизмат кўрсатган арбоб, коллекционер:

- Ҳар бир буюмнинг ўз тарихи бор. Олдимда оддий халқ «қора милтиқ» деб атайдиган қозоқларнинг машҳур пиликли милтиғи турибди. Бу қурол аждодларимиз ўз ерларини ҳимоя қилаётган замонда, жунғорлар босқини, даҳшатли жанглар, урушлар вақтида пайдо бўлган. Мана бу милтиқ ясалганига 400 йил бўлган. «қора милтиқ»ни қуролсозлик дурдонаси дея оламиз. Бу ерда эса қозоқ ботири Мергеннинг илвирс овлаш учун ишлатадиган аслаҳалари турибди.  Мана булар қор устида юриш имконини берадиган нарсалар. 

Аввалроқ коллекционерга қарашли раритетлар Япония, Туркия, Венгрия, Россия, Қирғизистон музейларида намойиш қилинган. Таъкидлаш жоизки, «Ата-Мура» кўргазмаси Маданият ва спорт вазирлиги ёрдамида очилди ва икки ой давомида томошабинлар учун очиқ бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси