Қозоғистонда миллий комикслар чиқарилди

Қозоғистонда миллий комикслар чиқарилди

Қозоғистонда туркум миллий комикслар – оташин муҳаббат ҳақидаги 7 та ҳикоя чоп этилди. Қозоқ лирик фольклорининг энг яхши намуналари «Буюк Дашт афсоналари» лойиҳаси доирасида тайёрланди. Ҳар бир эртак этник услубда чизилган ёрқин иллюстрациялар билан безатилган, улар қозоқ халқининг афсонавий асарларига асосланган. Ҳар бирида асл нусхадаги сюжет чизиқлари ва асосий мазмун сақлаб қолинган. Шуни ҳам айтиш лозимки, китобчалар уч тилда – қозоқ, рус ва инглиз тилларида чоп этилган. Жорий йил охиригача қозоқ замини қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилувчи янги комикслар чоп этилиши кутиляпти. Келаси йил эса қозоқ хонлари тўғрисида комикслар яратилади.

Азат Шауеев, Давлат тилини ривожлантириш жамғармаси директори:

- Жорий йил апрелида биз китобларни 10-15 минг нусхада тайёрлаш ва болалар уйлари, мактаблар, болалар кутубхоналарига тарқатиш ниятидамиз. Кўпроқ аудиторияни қамраб олиш ниятида биз китобларнинг электрон версиясини яратдик ва Qazcomics.kz сайтига қўйдик. Мобиль илова тайёрладик. Ҳозир дунё бўйича мавжуд электрон майдончаларни ўрганяпмиз, келажакда саҳифаларимизни ўқиш осон бўлиши учун сайтни такомиллаштириш ниятидамиз.

Сеҳрли дунёга аудиоверсияорқали ҳам кириш мумкин. У йил охиригача тақдим этилади. Бундан ташқари, ҳар бир эртак бўйича анимацион фильм олинади.

Абдумалик Сарманов таржимаси