Қозоғистонда Шукроналик куни қандай байрам қилинади?

Қозоғистонда Шукроналик куни қандай байрам қилинади?

Қозоқча бешбармоқ, бошқирд асали ва рус қуймоқлари. Пойтахтдаги Дўстлик уйига киришингиз билан байрам нафаси сезилади, ўнлаб миллат вакиллари уни бирга ўтказади. Бу ерда фақат нон ва туз билан қарши олинмайди, ҳар кимнинг дидига мос таомлар бор.

РЕЗИДА КАМАЛОВА, ТАТАР-БОШҚИРД ЭТНОМАДАНИЙ МАРКАЗИ  ВАКИЛАСИ:

-  Мана бу бошқирд миллий таоми, келган меҳмонларга тарқатамиз, ҳурмат белгиси сифатида сийлаймиз. Мана бу овқат кистибай деб аталади, биз уни картошкадан тайёрлаймиз, бўтқа билан.

Байрам дастурхони бундан бошқа таомларга ҳам бой. Миллий таомлар турини санаб чиқиш мушкул. Марказда бўғирсоқ билан тўлдирилган улкан лаган қўйилган, ҳаммаси байрам меҳмонлари учун.  

Жанара Дулатова, мухбир:

- Дўстлик уйида катта кўргазма ташкил қилинган. 22 этномаданий марказ вакиллари амалий санъат буюмларини тақдим этган. Қўлда ясалган қўғирчоқлардан тортиб, миллий либосларгача бор. Буларни харид қилиш мумкин, масалан, мен, мана бундай сунъий гулларни сотиб олишга қарор қилдим, интерьерни безатишда қўл келади. Нархи қанча?

 -750 тенге.

- Менга биттасини беринг.

Мана.

 - Раҳмат!

Бу ерда кўнглингизга мос нарсани топа оласиз. Қолаверса, бирор буюм ясашни ўрганиш мумкин. Этномаданий марказ вакиллари меҳмонлар учун мастер-класслар ўтказишди. Фақат хориждан сотиб олиш мумкин бўлган буюмларга талаб айниқса катта бўлди.

УЛПАН ИЗАКОВА, КОРЕЙС ЭТНОМАДАНИЙ МАРКАЗИ ВАКИЛАСИ:

- Бугун биз ўйинчоқлар, қизил жевакларни намойиш этамиз, 500 тенге туради. Яна бу ерда «чу наин би» бор, бу кичкина ифорли халтачалар, қадимда буни хушбўй ҳид таралиб туриши учун қироллик аслзодалари олиб юрган.

Қизиғи шундаки, кўргазмадан тушган маблағ хайрия йўлида сарфланади. Марказ вакиллари кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш мақсадида кун бўйи турли буюмлар билан савдо қилади.

ШЕРЗОД ПЎЛАТОВ, НУР-СУЛТОН ШАҲАР «ЎЗБЕК ЭТНОМАДАНИЙ МАРКАЗИ» ЖАМОАТ БИРЛАШМАСИ РАИСИ:

- Бугунги кунда ҚХА фаолиятининг асосий йўналишларидан бири хайрия фаолиятидир, биз кўмакка муҳтож, кўп болали оилаларга ёрдам кўрсатамиз, пойтахт ривожига ҳисса қўшганлар уйларига бориб, миннатдорчилик билдирамиз.

1 март – Шукроналик кунини қозоғистонликлар «раҳмат» сўзи билан қарши олади. Ушбу кунда турли миллат вакиллари меҳмондўстлик, биродарлик ва депортациянинг оғир йилларидаги кўмаги учун қозоқ халқига миннатдорлик изҳор этади.

СЕРГЕЙ ЦИРУЛЬНИКОВ, БЕЛАРУСЬ ЭТНОМАДАНИЙ МАРКАЗИ ВАКИЛИ:

-  Паспортда «беларусь» деб ёзилган бўлса ҳам ўзимни қозоғистонлик деб ҳисоблайман. Чунки менинг тўрт аждодим шу заминда туғилган. Ушбу байрам Қозоғистон халқи учун катта аҳамиятга эга. Биз тарихимизни унутмаслигимиз зарур. Столипин ислоҳотлари даврида ҳам кўплаб этнослар Қозоғистон ҳудудига кўчириб келтирилганини биламиз. Уларга қуруқ ер берилган. Қозоғистон халқи эса уларга ёрдам қўлини чўзди. Шунинг учун биз Қозоғистоннинг кўчиб келган этносларга ғамхўрлиги, дўстлиги ва эътиборини абадий ёдда тутишимиз лозим. 

Жорий йилда Шукроналик кунида Қозоғистон халқи ассамблеяси вакиллари томонидан учрашувлар, флешмоблар, челленж ва бошқа кўплаб турли-туман тадбирлар ташкил этилди. Эслатамиз, мамлакатда 1 март Шукроналик куни сифатида олтинчи марта байрам қилинмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси.