Миллий музейда китоб тақдимоти ўтказилди

Миллий музейда китоб тақдимоти ўтказилди

«Қатартўбе. Еттисув сак элитаси некрополи». Бугун мамлакат Миллий музейида шу номдаги китоб тақдимоти ўтказилди. Ушбу асар устида Қозоғистон ва Корея  Республикаси олимлари биргаликда ишлаган. Эслатамиз, уч йил давомида археологлар Алмати вилоятида қазув ишларини олиб борди, якуний натижалар эса мазкур китоб учун асос қилиб олинди. Асар корейс тилида ҳам нашр этилган. Унда ўтмишдаги жамиятнинг ўзига хос жиҳатлари,  антропология, ижтимоий мақом, иқтисодиёт, дафн маросимлари ва бошқалар ҳақида кўплаб маълумотлар жамланган. Ҳаммаси бўлиб, мингдан зиёд топилма ва артефакт қўлга киритилган, улар мамлакатнинг асосий музейида намойиш этилди.  Қозоғистон Миллий музейи ва Корея Миллий маданий мероси тадқиқот институти ўртасида археология соҳасида яқин ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.

САУЛЕ РАХИМЖАНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МУЗЕЙИ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

- Қозоғистонда қўшма экспедициялар давом этади. Биз Кореяга малака ошириш, тажриба ўрганиш учун борамиз, улар ҳам биздан ўрганади, биргаликда шундай тадқиқотлар ўтказишни ният қилганмиз. Уч йил давом этган қазув ишлари давомида кўплаб изланишлар рўёбга чиқарилди, жуда қизиқарли маълумотлар олинди. Бу ишларни давом эттириш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси.