Нур-Султонда қўлбола муаллифлик қўғирчоқлари тайёрланмоқда

Нур-Султонда яшовчи Татьяна Привалова 1,5 йил ичида 30 дан зиёд муаллифлик иши – қўлда ишланган қўғирчоқлар яратди. Устанинг айтишича, одатдагидан фарқли хобби вақти келиб ўз соҳибасининг севимли иши ва кундалик фаолиятига айланди. У кўп йиллар давомида иқтисодчи бўлиб ишлаган, фақат декрет таътилига чиққач, чўтка, пластик, металл ва бошқа нарсаларни қўлига олди.

Татьяна Привалова, қўғирчоқ устаси:

- Бир кўрсатувда қўғирчоқ ясаётган аёлнинг маҳоратини кўриб, жуда  ҳавас қилдим, мен ҳам қилиб кўргим келди. Махсус бадиий билимга эга эмасман. Бирорта тўгаракка қатнамаганман. Умуман расм чиза олмайман. Эскизлар ҳам ишламайман, ҳаммаси интуициямга боғлиқ.

Қўғирчоқлар учун ясаладиган сочлар эчки юнгидан, француз гажаклари, кўзлари – тош мунчоқлардан. Мақсадга эришишда ҳар бир деталь муҳим. Устанинг нозик меҳнати бор кучни сарфлашни, ижодий илҳомни талаб қилади.

Айгерим Акимжанова, мухбир:

- Ангелина, Алиса, опа-сингил Луиза ва Лиза, Меланья, Динара, Азерке ва Жонибек. Ҳар бир қўғирчоқнинг ўз исми бор. Биттасини ясаш учун уста икки ҳафтадан икки ойгача вақт сарфлайди. Хаёлидаги образни рўёбга чиқариш учун бир вақтнинг ўзида рассом, ҳайкалтарош, сартарош, стилист, бичиқчи бўлиш зарур. Муваффақият эса уста фантазиясига боғлиқ.

Ҳар бир қўғирчоқ ўзига хос чиройли. Улардан ҳар бири сеҳрли эртак персонажларини эслатади ва болаликнинг сеҳрли дунёсига олиб кетади. У севганларидан бири –  Жонибекхон.

Татьяна Привалова, қўғирчоқ устаси:

- Мен хон тимсолини «Қозоқ хонлиги» фильмидан илҳомланиб ясадим, актёр уни ясашимга туртки берди, атиги 40 дақиқа ичида битиришга муваффақ бўлдим. Мен учун у кўп йиллар яшаган, тажрибали ва доно хон. Ёшлигидаги қиёфасида беришни истамадим. Айнан ҳаётни тушунган, ҳокимият нималигини биладиган, лекин ўзини вазмин тута оладиган шаклда ишлагим келди. 

Устанинг коллекциясида ҳозирча фақат учта миллий образдаги қўғирчоқ бор. Лекин Татьяна бу билан чекланмоқчи эмас. У қозоқ ботирларини ясаш ҳақида ўйлаяпти. Устанинг фикрича, халқаро кўргазмаларда бу образлар жангчилар кучи ва жасурлигини кўрсатади. Ушбу ойда у Москвадаги кўргазмага боришни режалаштирган. 

Татьяна Привалова, қўғирчоқ устаси:

- Бу нарса халқаро кўргазмалардаги одамлар учун қизиқарли. Дейлик, ўтган йили Қозоғистондан ҳеч ким бормаган, фақат қирғизистонликлар бор эди. Ўзим юриб томоша қилганман, чунки мени кўйлак кийган ёки уй безаги бўладиган қўғирчоқлар эмас, миллий либосдагилари кўпроқ қизиқтиради. Демак, кўп одамлар уларга қизиқади, ҳар бирининг мазмунини сўрайди.  Бу нима экан, дейди. Ҳар бир орнамент мазмунини билгиси келади.

Бу касб машаққатли бўлса ҳам, қўғирчоқ ясаш одам учун ажойиб тинчлантирувчи арт-терапия бўла олади, дейди Татьяна. Лекин бунинг учун мазкур ишга меҳр қўйиш зарур.