Хорижликлар учун Қозоғистонда қолиш муддати узайтирилди

Қозоғистон раҳбарияти хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг мамлакатда қолиш тартибини қайта кўриб чиқди. Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, вақтинча яшаш муддати тугаган, лекин чиқиб кетишга улгурмаганлар маъмурий жарима тўламай, республикани тарк этишига рухсат берилади.

САБИРЖАН СЕЙТЖАНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ МИГРАЦИЯ ХИЗМАТИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

- Бевосита транспорт, ҳаво, автомобиль ва темирйўл алоқаси йўқ бўлган тақдирда, шунингдек, транзит ўтиш учун чегаралар ёпилган тақдирда, хорижликлар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг мамлакатда қолиш муддати узайтирилади.

Эслатамиз, миграция қонунчилигига мувофиқ, мамлакатда ишлаётган хорижликларнинг яшаш муддати 12 ойдан ошмаслиги лозим. Лекин коронавирус пандемияси туфайли кўплаб давлат чегаралари ёпиқ,  иммигрантлар юртига қайтиши қийин. Улар учун яшаш муддати 2021 йил 5 июнгача узайтирилди. Хорижликлар бунинг учун миграция полициясига бориши зарур. Агар мақоми расмийлаштирилмаса, қоидабузарлар жавобгарликка тортилади.