Сиверс олмаси туристларни жалб этиши мумкин

Сиверс олмаси туристларни жалб этиши мумкин

Алмати вилоятида саёҳатчилар учун ўзига хос турпакет ишлаб чиқилди. Хорижлик меҳмонларга бир неча миллион йиллик ўтмишга сафар қилиш ва  ердаги барча олмалар бобокалони – Сиверс олмаси билан танишиш таклиф қилинади. Реликт мева дарахти Қозоғистон миллий брендига айланган, йил сайин у тобора кўпроқ сайёҳ жалб қиляпти. Саноат экспертлари фикрича, бу жараённи жадаллаштириш мумкин. Хусусан, Сиверс олмаси гуллаган даврда. Бунга Япония намуна бўла олади. Ҳар йили миллионлаб одам бу давлатга япон олчаси – сакура гуллашини томоша қилиш учун боради.

Марат Кабиев, Жунғор-Алатау давлат миллий табиат боғи раҳбари:

- Хорижликлар мамлакатимизга турли таассуротлар олиш учун келади. Бу рўйхатда сайёрамиздаги олмалар бобокалони – Сиверс олмаси гуллашини томоша қилишни истовчиларнинг салмоқли улуши бор. Гулга кирган олмазорлар ажойиб гўзаллик касб этади. Бутун бошли тоғ ёнбағри оқ, қизил ва пушти рангга киради. Гўё қоялар байрам либосини кийиб олгандек туюлади. Шу йили Сиверс олмаси гуллаган вақтда келган меҳмонлар биринчи марта бу манзарани кузатганида, жуда ҳайратланади.

Алмати вилояти Туристик ахборот маркази мутахассислари таъкидлашича, саёҳатчилар йўлномаларга қараб, олмазорларга мустақил етиб бориши мумкин. Маълумотлар энг машҳур ахборот тизимларидан ҳам жой олган.

Даулет Есеналиев, Алмати вилояти туристик ахборот маркази директори:

- Сўнгги уч йил давомида туристик маҳсулотларни хариталарга киритиш билан шуғулландик. Диққатга сазовор жойлар ҳақидаги маълумотни берамиз, табиий ва бошқа жойларни панорама кўринишида  туристларга тақдим этамиз. Алмати вилоятига келган саёҳатчилар бу хизматлардан фойдаланган ҳолда истаган манзилига етиб олиши мумкин.

Қозоғистоннинг беназир бойлиги – миллион йиллар аввал юртимиз ҳудудида бўй чўзган Сиверс олмаси Жунғор-Алатау миллий паркида 4 минг гектар ерни эгаллаган. Мевали дарахтлар генофонди сақлаб қолиниши учун боғлар майдони тобора кенгайтирилмоқда.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.