2021 йилда Алматида туристлар сони 25 фоизга ортиши кутиляпти

2021 йилда Алматида туристлар сони 25 фоизга ортиши режалаштирилган. Мегаполиснинг тегишли бошқармаси бу ҳақда маълумот тарқатди. Шу тариқа, жорий йил давомида шаҳарга турли минтақалари ва хориждан камида бир миллион нафар меҳмон келиши кутиляпти.

Туризм бошқармасида таъкидлашларича, Қозоғистонга ташриф буюрган хорижлик саёҳатчиларнинг салкам эллик фоизи Алматига келади. Мегаполис манзараларини кўздан кечиришни истаганларнинг кўп қисмини қўшни Россия фуқаролари ташкил қилади. ХХР туристлари иккинчи ўринда. 6 фоиз саёҳатчилар Ўзбекистондан. Қирғизистон ва Ҳиндистондан 5 фоиздан. Туркия, Жанубий Корея, Германия, АҚШ, Франция, Италия, Гонконг ва Япониядан ҳам туристлар жуда кўп.

Шу билан бирга,  2020 йилда туризм соҳаси эпидемиядан энг кўп зарар кўрганлар қаторида турибди. Халқаро Туризм ташкилоти ҳисобига кўра, 2020 йил ўн ойи давомида жаҳонда халқаро туристик оқимлар 72 фоизга камайган. Алмати шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатиляпти. Ўтган йилнинг 11 ойи давомида шаҳарга чет мамлакатлардан 152 минг турист ташриф буюрган. Бу эса 2019 йилдагидан 72,5 фоиз кам. Қозоғистоннинг турли вилоятларидан келган туристлар сони 422 минг кишини ташкил қилди.