Қозоғистонлик каскадёрлар янги уфқларни забт этмоқда

Қозоғистонлик каскадёрлар янги уфқларни забт этмоқда

Қозоғистонлик каскадёрлар дунёни лол қолдиришда давом этяпти. Nomad Stunts аъзолари кенг миқёсли Болливуд кинофильми съёмкаларида қатнашишни режалаштирмоқда. Айни пайтда дублёрлар жамоаси постановка лойиҳаси ва раскадровкани тайёрлаш устида ишлаяпти. Буюртмачилар маъқуллагач, трюкларни тасвирга олиш келаси йилдан бошланади. Мураккаб ва ўзига жалб этувчи экшн-саҳналарда Қозоғистондан 5 нафар, Ҳиндистондан 30 нафар каскадёр иштирок этади.

Жайдарбек Кунгужинов, Nomad Stuns халқаро каскадёрлар гуруҳи раҳбари:

- Бу гал мени экшн-директор сифатида таклиф қилишди, яъни экшнни тўлалигича ўз командам, операторим билан тайёрлаш учун, кўпроқ ишонч билдирилди. Катта лойиҳа – бу Покистон ва Ҳиндистон уруши даврида юз берган ота-бола воқеаси, бироз муҳаббат тасвири бор, лекин асосан жангари фильм, ота ёшгина ўғлини урушдан қутқаради, уни олиб кетишни, ҳамма нарсадан қўришни истайди, яъни катта экшн.

Nomad Stunts гуруҳи фақат қозоғистонлик каскадёрлардан иборат эмас, улар орасида, шунингдек, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Россия, Украина, Германия, Австралия ва Болгариядан келган профессионаллар ҳам бор. Халқаро жамоа «Тутқич бермаслар-2», «Ронин», «Конон Варвар», «Кўчманчи», «Мўғул», «Тўмарис» ва «Мулан» каби фильмлардаги ёрқин иштироки билан танилган. Улар иштирокидаги томошабоп экшн-саҳналар бир неча марта жаҳон киносаноати профессионалларининг юксак баҳосига сазовор бўлган. Яқиндагина жамоа аъзоси Алия Исқақова Канада Кино ва телевидение академиясининг нуфузли мукофотини қўлга киритди.

Жайдарбек Кунгужинов, Nomad Stuns халқаро каскадёрлар гуруҳи раҳбари:

- Канадада ишлаган вақтида унга «Кунг-Фу» сериалидаги қаҳрамон қизга дублёрлик қилишни таклиф қилишди, тақдирланди, 2 ҳафтача олдин шу фильмдаги иштироки учун «Энг яхши трюклар», «Энг яхши каскадёр» номинацияларида мукофотланди.

Ўзини бутун дунёга танитган ва машҳур блокбастерларда ўз маҳоратини намойиш қилган юртимиз экшн усталари мунтазам равишда йирик хорижий кинокомпаниялардан ҳамкорлик ҳақида таклифлар олади. Улар кўринмас фронтнинг чинакам жангчилари – тарихий фильмларда, замонавий блокбастерлар ва кенг миқёсли жангари киноларда актёрларга дублёрлик қилади. Nomad Stunts келаси йили Голливуддаги яна бир йирик кинолойиҳада иштирок этишни режа қилган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси