Чарин миллий парки инфратузилмалари ривожлантирилади

Чарин миллий парки инфратузилмалари ривожлантирилади

Чарин каньони туристлар учун янада жозибали бўлади. Яқин келажакда бу ерда таянч туристик инфратузилмаларнинг янги элементлари вужудга келади. Меҳмонлар каньоннинг тунги кўринишидан баҳра олиш имконига эга бўлиши мумкин, қоялар ва пиёдалар сўқмоғи ёритилади. Бу ерда жиҳозланган кузатув майдончалари, ахборот стендлари ташкил этилган ва метеостанция жиҳозланган.

Жанибек Алкеев, Экотуризмни ривожлантириш лойиҳаси раҳбари:

- Асосий ғоя шундаки, туризмни ривожлантириш асносида табиатга зиён етмаслиги керак. Ҳамкоримиз Qazaq Geography кўплаб аъзоларга, география, маданият, тарих, турли илмий ҳамжамиятларга доир мутахассисларга эга бўлган бирлашмадир. Шунинг учун бутун жаҳон амалиётини, ўзимиздаги мавжуд тажрибани ўрганган ҳолда, барча кучларни бирлаштириб, табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, унга заҳмат етказмасликка эътибор қаратамиз.

Жасулан Махмут, гид:

- Ёзда Чарин каньонида жазирама бўлади. Бу ерда ҳаво ҳарорати +40, +45 даражага етади. Сайёҳларга қулай бўлиши учун шийпончалар ўрнатилди. Уларни ҳар 500 метрда кўриш мумкин. Ёнида эса ичимлик сув келадиган кранлар мавжуд.

Шунингдек, яқин вақтда бу ерда бир нечта янги пиёда йўналишлар пайдо бўлади. Ҳозирча «Қасрлар водийси» бўйлаб ва унинг ичидан ўтувчи иккитаси очилган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси