Қозоғистонда 1300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади

Қозоғистонда 1300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади

Давлат ва бизнеснинг самарали ҳамкорлиги. Сўнгги беш йил ичида пойтахтда 16 та шундай лойиҳани амалга ошириш учун 60 миллиард тенгедан зиёд инвестиция жалб этилди. Шунинг 11 миллиард тенгедан зиёдини хорижий капитал ташкил қилади. Бу ҳақда «Astana Invest» вакили Нурбўл Алтаев маълум қилди. Унинг айтишича, 2020 йилдан бошлаб, Нур-Султонда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигида 7 та объект ишга туширилиши кўзда тутилган. Уларнинг катта қисмини таълим соҳасидаги, аниқроғи, янги шаклдаги инновациявий мактаблар лойиҳаси ташкил қилади.

Нурбўл Алтаев, «Astana Invest» ДХСҲ Департаменти директори:

- Бугунги кунда 5 та мактаб бўйича шартнома тузилган, шунинг ҳисобига 20 минг ўқувчи учун ўрин етишмовчилиги бартараф этилди, яна бир мактаб бўйича музокара жараёни кетяпти, йил охирига бориб, шартнома тузилишини кутяпмиз. Демак, натижада – 6 та мактаб. Битта мактаб шу йилнинг сентябрида очилди, йил сўнгига бориб, яна учта мактаб очилиши кутиляпти. Ушбу мактабларнинг афзаллиги шундаки, уларда кенгайтирилган физика, математика, кимё лабораториялари, кинозаллар, ўқитувчи-ўқувчилар учун коворкинг-марказлар, робот техникаси, нанотехнологиялар лабораториялари бўлади.

Умуман, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги ҳақидаги қонун қабул қилинганидан бери, республика бўйлаб бир минг уч юздан зиёд ҳамкорликдаги лойиҳалар амалга оширилган, бунинг учун тахминан 1 триллион 200 миллиард тенге маблағ сарфланган. Таълим соҳасидан ташқари тиббиёт, маданият ва спорт, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва уй-жой хўжалиги, транспорт ва инфратузилмалар, молия ва суғурта фаолиятига оид лойиҳалар ҳам бор.

Хуршида Абдуллаева таржимаси