Қозоғистонга янги илғор технологиялар келтирилади

Қозоғистонга янги илғор технологиялар келтирилади

Қозоғистонда янги метод асосида модулли, каркасли уйлар барпо этилиши мумкин. МДҲ давлатларидан келган новаторлар Нур-Султонга сўнгги инновациявий ҳамда илғор технологияларни келтирди. Булар қурилиш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, IT ва бошқа муҳим соҳаларга оид ноу-хаулар. МДҲ давлатлари бизнес ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуман майдончасида экспертлар янги тажрибалар билан танишибгина қолмай, уларни амалга ошириш ҳақида келишувларни бошлади. Хусусан, Қозоғистондаги «Фан жамғармаси» ва Россиянинг йирик инновациявий маркази - «Сколково» ўртасида ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланди. Яна бир келишувни «Астана инвест» имзолаш ниятида. Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Чет эллик иштирокчилар Қозоғистоннинг бир қатор соҳалардаги тажрибаси ва маҳаллий инновацияларга қизиқиш билдирган.

Жанбўлат Какишев, «Astana Invest» бошқарув раиси:

- Бугун ҳамкасбларимиз бир нечта қизиқарли лойиҳа келтирган, йўналишлардан бири – коррозияга қарши қопламалар. Агар бу йўналиш ишлаб чиқувчилар нархини пасайтирса, коррозияга қарши қопламага бўлган эҳтиёж, менимча, биз учун жуда истиқболли йўналиш бўлади. Асосий мақсадимиз – новаторлар учун, янги бизнес учун қулай шароит яратиш, токи улар шаҳримизда ишлаб чиқариш корхоналарини очсин.

Юрий Саприкин, «Сколково» жамғармасининг минтақавий ва халқаро тараққиёт бўйича вице-президент (Россия):

- Қозоғистонда тахминан 10 тача лойиҳа ишлаб турибди. Ўйлайманки, бу рақам аслида жуда кичик, у кўпроқ бўлиши мумкин. Ҳозирда, пандемия вақтида соғлиқни сақлаш мавзуси жуда муҳим, телетиббиёт, диагностика соҳасида кўплаб ишланмалар мавжуд. Бугун шу ҳақда сўз юрита бошладик. Бу ерда асосий иштирокчилар, МДҲ давлатлари ва Қозоғистондан келганлар йиғилган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси