Нур-Султонда «Qazaq eli» кўргазма лойиҳалари туркуми очилди

Нур-Султонда «Qazaq eli» кўргазма лойиҳалари туркуми очилди

Замонавий Қозоғистон арт-санъати ва Буюк Дашт тарихий мотивлари қўшилмаси. Нур-Султонда республика мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган «Qazaq Eli» кўргазма лойиҳалари туркуми очилди. Кўчманчилик турмуш тарзи буюмлари, нодир заргарлик маҳсулотлари ва фотокартиналар намойиш қилинган экспозиция Тинчлик-тотувлик саройининг уч қаватини эгаллаган. Энг пастки қаватдан «Tulpar» замонавий ранг-тасвир кўргазмаси жой олган. Бу ерда Қозоғистон, Туркия ва Молдова рассомлари асарлари жамланган.

Лейла Махат, кўргазма лойиҳалари куратори, пойтахт галереяси раҳбари:

- Пастки қаватлар ўтмишни мужассам этиши лозим эди, шу сабабли қозоққа қадимданоқ бутун умри мобанйида йўлдош бўлган от образига мурожаат қилдик. Отни илк маротаба биз қўлга ўргатганмиз, от шундай кўркам, йирик тарзда тасвирланган ва бу образни тушунтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Бирдамлик тимсолини яратишни истардик, шу сабабли шундай экспонатлар, кейинги лойиҳага уйғун бўлган шундай санъат асарлари танланди. Кўргазма январь ойи охирига қадар давом этади, эҳтимол, яна бироз узайтирармиз.

Сержан Башировнинг «Kebeje» кўргазмаси ранг-баранглиги ва бойлиги билан ҳайратга солади. 30 йилдан ошиқроқ вақтдан бери у кўчманчиларга хос антиқавор рўзғор буюмларини коллекция қилади. Булар – Қозоғистоннинг турли қисмларидан тўпланган, жун, суяк, металл, ёғочдан ясалган буюмлар. Бундан ташқари, мусаввир ўз қўли билан оригинал кумуш узуклар, туморлар ва турли инсталляциялар ясайди.

Сержан Баширов, коллекционер, Қозоғистон рассомлар уюшмаси аъзоси:

- Мазкур кўргазмада қозоқ тўқимачилиги, гиламлар, тускийиз, кашта ва кебеже-сандиқлар, мебель намойиш қилинган. Мен 80-йиллар охиридан коллекция қилишни бошлаганман, бу 1988-87 йиллар, қозоқлар, кўчманчилик рўзғор ашёларини, ўтов интерьери буюмларини, уста-ҳунармандлар асбобларини йиғаман. Ҳаммани кўргазмага таклиф қиламан.

Хуршида Абдуллаева таржимаси