Пойабзал рақамли маркировка қилинади

Пойабзал рақамли маркировка қилинади

Рақамли маркировка киритиш пойабзал нархига таъсир кўрсатмайди. Мамлакат ишлаб чиқарувчилари таъкидлашича, маркировкали битта этикетка атиги 4 тенгега тушади. Улар айтишича, янгилик мамлакат дўконлари пештахталаридаги пойабзал сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Ҳар бир харидор пойабзал ҳақида барча маълумотларни аниқлай олади. Этикеткаларда DataMatrix коди акс эттирилади. Унда товар ясалган материал, ўлчами, ранги, шунингдек, ишлаб чиқарувчи ҳақида батафсил маълумот берилади.

Муҳаммед Хайдар Сеит, Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази лойиҳаси раҳбари:

- Маркировка коди – ҳарфлар ва рақамлар давомийлигидан иборат. У икки ўлчамли код – DataMatrix кўринишида берилади, бир жиҳатдан QR-кодга ўхшайди. Маркировка кодини қайсидир шаклда қалбакилаштириш ёки алмаштириш имконсиз. Чунки маркировка кодида криптографик ҳимоя стандартларидан фойдаланилади.

Дана Қаражанова, пойабзал фабрикаси молиявий директори:

- Пойабзални маркировкалаш Қозоғистонда пойабзал ишлаб чиқаришни кенгайтиради, товар ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламиз. Биз аввалига пилот лойиҳада қатнашганмиз. 1 ноябрдан пойабзални маркировкалаш бошланди. Биринчи буюртмага кўра 3 минг жуфт оёқ кийим тикилди.

Ҳозир Қозоғистонда яширин бозор улуши пойабзалнинг 48 фоизини ташкил қилади. Рақамли маркировка туфайли ҳар бир жуфтни идентификациялаш мумкин, DataMatrixнинг катта хотира ҳажми бор.

Ульяна Нурғалиева, Алмати шаҳри давлат даромадлари бошқармаси БОЖ Маъмурияти бош мутахассиси:

- Импортчилар Қозоғистон Республикасидан ташқарида ишлаб чиқарилган пойабзални ишлаб чиқаришда ёки божхона жараёнида маркировка қилишни таъминлаши зарур. Ўз товарини маркировкалаш учун импортчилар, декларантлар божхона органидан ижозат олиши лозим. Яъни улар фаолият доирасида божхона омборлари мавжуд бўлган давлат даромадлари департаментига мурожаат этиши даркор.

Мутахассислар маълум қилишича, мамлакатга 1 ноябргача олиб кирилган маҳсулотни товар қолдиғи сифатида соддалаштирилган тартибда маркировкалаш мумкин. Уларни 1 апрелгача сотса бўлади.

Хуршида Абдуллаева таржимаси