Иқлим ўзгаришларига оид мактаб лойиҳалари ишланяпти

Иқлим ўзгаришларига оид мактаб лойиҳалари ишланяпти

Алматидаги Назарбоев заковат мактаби ўқувчиси Богдан Миронов бино ҳавосидаги карбонат ангидрид гази улушини ҳисобловчи қурилма яратди. Бу аппарат газ миқдори кўпайган тақдирда автомат шаклда уни меъёрига келтиради. Тўққизинчи синф ўқувчиси автоном вентиляция тизими кенг кўламда ишлатилган тақдирда глобал исиш муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди. У ўз лойиҳасини илмий лойиҳалар республика танловига тақдим этди.

Богдан Миронов, Назарбоев Заковат мактаби ўқувчиси, алмати шаҳри:

- Мазкур қурилма карбонат ангидрид гази кўпайиб кетгани сабабли юз берадиган чарчоқ ва ҳолдан тойиш муаммосини ҳал қилишга мўлжалланган. Биноларни вентиляция қилиш учун зарур. Ҳозир биз яшаётган биноларда амалда ҳаво янгиланиши муаммоси ҳал қилинмаган. Ҳамма тешик-тирқишлар ёпилгани сабабли вентиляция умуман йўқ дея оламиз. Вентиляциялаш саноат қурилмалари ҳам қиммат, ҳам мураккаб. Мазкур ускуна ташқи муҳитга уланади, унда карбонат ангидрид датчиги бор. Концентрация ортганида ўз-ўзидан ишга қўшилади ва хона ичига тоза ҳаво ҳайдайди.

Таъкидлаш лозимки, танловда Қозоғистоннинг турли минтақаларидан келган 300 дан зиёд заковат мактаблар ўқувчилари қатнашмоқда. Улар илмий-техник ривожланишнинг иқтисодиётга таъсири, яшил технологиялар ишлаб чиқиш, математик моделлаштириш, шунингдек, мамлакат тарихи ва туризмни ривожлантириш каби йўналишларда беллашмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси