Беш йил ичида Шимолий Қозоғистонда 116 миллион туп дарахт ўтқазилади

Беш йил ичида Шимолий Қозоғистонда 116 миллион туп дарахт ўтқазилади

Жорий йилда Шимолий Қозоғистонда 3 миллион тупдан кўпроқ оққайин ва қарағай кўчати ўтқазилди. Бунинг учун зарур ниҳоллар питомникларда 2 йил давомида етиштирилди. Эслатамиз, минтақада табиий захираларни қайта тиклаш учун кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Экологлар таъкидлашича, бу жуда муҳим иш. Зеро, дарахтларни «сайёранинг ўпкаси» деб бежиз аташмайди. Улар карбонат ангидритни ютиш билан бирга кислород чиқаради, иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатади. Табиий захиралар бошқармасида маълум қилишларича, минтақадаги ўрмонлар ҳудуди сўнгги йилларда 10 минг гектарга кенгайди.

Василий Лобанчук, Вилоят табиий захиралар бошқармаси бўлим бошлиғи:

- Давлат раҳбари топшириғига кўра, келгуси 5 йил учун ўрмон учун кўчат экиладиган ҳудудлар майдони анча кенгайди. Жорий йилда биз 850 гектарга ниҳол ўтқазсак, келгуси йилда яна 1700 гектарда иш олиб борамиз. Беш йиллик охирига бориб 20 минг гектар майдон ўрмонлар билан қопланади, унда 100 миллион тупдан зиёд оққайин ва қарағай ўтқазилади.

Тимур Зверяченко, М. Қўзибаев номли Шимолий Қозоғистон университети доценти:

- Ўрмон замин даражасида иқлим шаклланишига хизмат қилади. У, биринчидан, ерни қуритиб юборадиган шамолларнинг йўлини тўсади. Намликни сақлаб қолади, ўз ичида тўплайди. Ҳатто кичик ҳудудларда ҳам унинг мавжудлиги вазиятни яхшилайди. Масалан, мамлакатимизда, Нур-Султон атрофида ўрмонзорлари мисолида буни кўриш мумкин. Улкан, мамлакат даражасида иқлимни юмшатишга хизмат кўрсатади. Бу ўрмонлар келтирадиган асосий ижобий жиҳатлардан бири. Биздаги дашт, ўрмон-дашт зоналарда ушбу фазилатлар жуда муҳим.

Абдумалик Сарманов таржимаси