Қозоғистонлик олим IT-гиганти стипендиясини олди

Қозоғистонлик олим IT-гиганти стипендиясини олди

Қозоғистонлик ёш олим Жанат Махатаева Американинг йирик IT-гиганти стипендиясини ютиб олди. Назарбоев Университетнинг Ақлли тизимлар ва сунъий интеллект институти илмий ходими «Хотира ёрдамчиси» деб аталган махсус илова яратди. У қўшимча реаллик кўзойнакларида ишлатилади ва деменция ёки Альцгеймер касаллигига чалинган шахсларга қўл келади. Ишланмада олима объектларни аниқ кўришда ва фойдаланувчининг қаердалигини аниқлашда ишлатиладиган компьютер нигоҳи алгоритмларидан фойдаланди. Жанатнинг тадқиқоти 15 минг доллар ёрдам пули ва хориждаги етакчи компьютер лабораторияларида 12 ҳафта малака оширишига имконият яратади. Таъкидлаш жоизки, Жанат бундай стипендияни Қозоғистонда биринчи бўлиб олди.

Жанат Махатаева, «Назарбаев Университет» докторанти:

– Одам бирор бинога кирганида мазкур дастур унинг қаерлардан ўтгани ва қайси объектларни кўрганини эслаб қолади. Шу тариқа, одам қаерда бўлгани, қандай юргани ҳақида маълумотга эга бўлади. Қўшимча хотираси пайдо бўлади. Бу маълумотни қайта кўриб чиқиши ҳам мумкин. Биз ўтган йили тайёрлаган адабиёт обзорида кўриш қобилиятида нуқсонлар бор, ҳид билиш, эшитиш қобилияти яхши бўлмаган одамлар тўқнашадиган муаммоларни кўргандик. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун мазкур қўшимча реаллик технологиясидан фойдаланиш мумкин. Лекин бундай ишлар билан шуғулланаётганлар жаҳонда у қадар кўп эмас. Шунинг учун бу ишим «Майкрософт»да қизиқиш уйғотди.

Абдумалик Сарманов таржимаси