Янги воқеликдаги давлат бошқарувини 40 давлат вакиллари муҳокама қилди

конференция
cdn.startupsavant.com

Қозоғистон пойтахтида 40 дан зиёд мамлакат вакиллари давлат бошқарувидаги янги рақамли имкониятларни ривожлантириш ва жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш учун тўпланди. Нур-Султонда ҳар йили ўтказиладиган Давлат хизмати Астана хаби конференцияси иш бошлади. Тадбирда давлат органлари вакиллари, экспертлар, олимлар, шунингдек, йирик халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди. Уч кун давомида иштирокчилар рақамли инновацияларни жорий этиш истиқболлари, HR-бошқарувида ички коммуникациялар аҳамияти, шунингдек, мавжуд воқеликка мос равишда соҳани янада ривожлантириш борасида янгича ёндашувлар, ечимлар ва ғояларни муҳокама қилади. Шунингдек, конференция доирасида Давлат хизмати Астана хаби томондан рўёбга чиқарилаётган, шу жумладан, халқаро қатор янги лойиҳалар тақдим этилади.

Алихан Байменов, Қозоғистон давлат хизмати Астана хаби бошқарувчи қўмитаси раҳбари:

- Улардан бири, Корея ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган беназир лойиҳа Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари учун рақамлаштиришга йўналтирилган. «Зерде» холдинги билан амалга оширилаётган яна бири давлат бошқарувидаги инновацияларни ахтариб топиш билан боғлиқ. Бундан ташқари, биз бугун давлат хизматида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига оид кенг маълумотларни тинглаймиз. Биз биринчи марта собиқ Иттифоқдаги 15 давлатнинг маъмурий ислоҳотларга оид тажрибасини ягона базага тўплай олдик.

Давлат хизмати Астана хаби 2013 йилдан буён ишлаб турибди. Ташкилот таркибида 42 аъзо мамлакат ва 80 та ташкилий ҳамкор бор.

Баҳрам Халилов, Озарбайжон давлат имтиҳон маркази директорлар кенгаши раиси ўринбосари:

- 8 йилдан кўпроқ вақт давомида ҳамкорлик қиламиз, тажриба алмашамиз. Жаҳоннинг энг илғор тажрибасини ўрганамиз. Аввалбошда уч мамлакат таъсис этган мазкур хабда бугунги кунда 40 мамлакат аъзо эканлиги қувонтиради. Бу Давлат хизмати Астана хаби давлат бошқарувини, шу жумладан, давлат хизматини ислоҳ қилиш борасида амалга ошираётган улкан ишнинг тан олиниши, дейиш мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×