Қозоғистонда интернет заифлиги учун жарима миқдори оширилади

Қозоғистонда интернет заифлиги учун жарима миқдори оширилади

Қозоғистонда заиф интернет учун жарима миқдори оширилиши режалаштирилмоқда. Мажилисда бўлиб ўтган Ҳукумат соатида Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин шуни маълум қилди. Эслатамиз, аввалроқ мамлакатда интернет сифати минимал кўрсаткичлари белгиланганди. 3G учун - 1 мегабит, 4G учун - 5 мегабит тезлик бўлиши шарт. Оператор тақдим этган интернет бундан заиф бўлса – жарима тўлайди. Шу кунгача 408 та текширув ўтказилган, жарималар умумий миқдори 92 миллион тенгени ташкил этган.

Бағдат Мусин, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:

- Нега буни таклиф этмоқдамиз? Тўғрироғи, жарима миқдорини оширишни депутатлар таклиф этяпти, биз қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мобил операторлар яхши даромад кўряпти. Ва зиммасига олган мажбуриятга мувофиқ, олис аҳоли манзилгоҳларида кўнгилдагидек интернет етказиб беришдан кўра улар учун 92 миллион тенгени биргаликда тўлаш осонроқ каби кўриниши мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси