«Astana Opera» Халқаро опера академияси иш бошлади

«Astana Opera» Халқаро опера академияси иш бошлади

Пойтахтдаги «Астана Опера» давлат опера ва балет театри қошида Халқаро опера академияси иш бошлади. Юзлаб номзодлар орасидан энг қобилиятли 16 нафар талаба саралаб олинди, улар ҳозир мамлакатимизнинг ва хорижнинг энг кучли педагоглари раҳбарлигида вокал дарсларини оляпти. Уч босқичли танловдан ўтган ва Академия грантини қозонишга муваффақ бўлган талабалар икки йил давомида куйлашни ва итальян тилини ўрганади. Бельгиядан махсус таклиф этилган маэстро Франческо Медда талабалар даражаси жуда юқорилигини тилга олди. Унинг фикрича, ёш артистлар жаҳон операси ижро даражасига етиши учун сидқидилдан ишласа бас.

Франческо Медда, «Astana Opera» Давлат опера ва балет театри қошида халқаро опера академиясига таклиф қилинган педагог /Бельгия/:

– Бу бир вақтнинг ўзида мураккаб ва осон иш. Чунки касбга муҳаббат мавжуд бўлса – бу жуда осон. Талабалар бу ишни яхши кўради. Бу эса муваффақиятнинг ярми. Энди бор кучни жамлаб таълим олиш керак. Ўзим билан мен итальян техникаси, интерпритацияси ва поэзия, орфоэпиянинг метрик тузилмасини олиб келдим. Итальян тили, урғуларини ўргатаман. Артист ҳаёти – томошабин қаршисидаги ҳар кунги имтиҳон, дегани. Шунинг учун биз болаларни академиянинг биринчи концертига тайёрлаётганимиздан мамнунман.

Эслатамиз, Халқаро опера академияси биринчи ҳисобот концерти ноябрь ойи бошида ўтказилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси