«Жамбил. Янги давр» фильми суратга олинмоқда

«Жамбил. Янги давр» фильми суратга олинмоқда

Шахс ва мафкуравий машина тўқнашуви. Янги тўла метражли фильм – «Жамбил. Янги давр» сюжетининг асоси шундан иборат. Алматида картина суратга олина бошланди. У буюк қозоқ оқини Жамбил Жабаевнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилади. 175 йилликка бағишланган кинолойиҳа Маданият ва спорт вазирлиги томонидан Миллий кинони қўллаб-қувватлаш давлат маркази ёрдамида суратга олинмоқда. Кинолента режиссёри Жандўс Қусаиновнинг таъкидлашича, фильмда Жамбил ҳаётига катта таъсир кўрсатган муҳим воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. Улар қаторида оқинлар анжумани, шоир асарларининг газета ва журналларда босилиши, шунингдек, Иосиф Гильманнинг Москвадан келиши, Жабаевнинг Ўраз Жандосов, Бауржан Мўмишули ва бошқа даврининг буюк шахслари билан учрашувлари бор. Бош ролларни қозоғистонлик машҳур актёрлар, республикада хизмат кўрсатган артистлар ўйнаган. Кинолента ижодкорлари таъкидлашича, фильмнинг бир қисми келгуси йилда суратга олинади.

Жандўс Қусаинов, фильм режиссёри:

- Биз ҳозир Алмати вилоятининг Жамбил туманидамиз, шу ерда уч кун ишлаймиз, сўнгра Талғар туманига йўл оламиз. Суратга олиш жараёни бир неча давр ва мавсумларга тақсимланган. Кузда биз асосан Жамбилнинг 90 ёшлардаги даврини тайёрлаб олишимиз зарур. Суратга олиш майдончасида тонгги 4-5 дан бошлаб меҳнат қиляпмиз. Олдиндаги иш ҳажми жуда катта. Бу ерга келганимизга атиги уч кун бўлди. Жамоа тўлиқ, ҳар бир актёр кастингдан ўтган.

Абдумалик Сарманов таржимаси