Манғистау вилоятида янги саноат корхоналари ишга туширилади

Манғистау вилоятида янги саноат корхоналари ишга туширилади

Манғистау вилоятида янги саноат лойиҳалари ишга туширилади. Ҳукумат йиғилишида Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири Асет Ирғалиев маълум қилишича, Жанаозенда газни қайта ишлаш заводи, шунингдек, «Морпорт Ақтау» махсус иқтисодий зонаси ҳудудида каустик сода, хлорли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар бунёд этилади. Шу билан бирга суюқ дори-дармонлар, кимёвий реагентлар ва трансформаторлар ишлаб чиқариш бўйича йигирма битта лойиҳани рўёбга чиқариш режалаштирилган. Бундан ташқари, минтақанинг туристик салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор бериляпти. Шу жумладан, туристик мажмуалар, пляж яқинида савдо қаторлари, визит-маркази мавжуд бўлган этноовул, тўққизта меҳмонхона, дам олиш зоналари ва соғломлаштириш мажмуалари қурилади. Таъкидлаш лозимки, Ҳукумат келгуси тўрт йилга мўлжалланган Манғистау вилоятини мажмуавий ривожлантириш режасини тасдиқлади. Нефть-газ сектори, қайта ишловчи саноат, туризм, транспорт ва логистикани ривожлантириш ундаги устувор йўналишлар қаторидан жой олган.

Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

- Манғистау вилояти улкан ривожланиш салоҳиятига эга минтақа. Мажмуавий режани рўёбга чиқариш вилоят ривожланишига янги туртки беради. Мажмуавий режа рўёбга чиқариладиган 5 йил давомида 2,1 триллион тенге қийматга эга 214 тадбир амалга оширилади. Бу давр ичида минтақа иқтисодиёти 32 фоизга ўсади.

Асет Ирғалиев, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири:

- 2021-2025 йилларда инвестициялар умумий қиймати 2,1 триллион тенгени ташкил қилади, республика бюджетидан 338,8 миллиард тенге, маҳаллий бюджетдан 118,3 миллиард тенге сарфланади, 1,6 триллион тенге хусусий инвестиция жалб этилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси