Олимлар Сиверс олмаси келиб чиқиши ҳақида бош қотиряпти

Олимлар Сиверс олмаси келиб чиқиши ҳақида бош қотиряпти

Сиверс олмаси Қозоғистон брендига айланиши зарур. Халқаро илмий экспедицияда қатнашган хорижлик иштирокчилар шундай фикр билдирди. Франциянинг «Сорбонна» университети ва Германиядан келган вакиллар Жунғор-Алатау қўриқхонасида бўлди. Бу ерда улар Ер юзидаги олмаларнинг бобокалонини ўрганди, келгуси тадқиқотлар учун намуналар тўплади. Олимлар қатор кашфиётлар қилишдан умидвор. Зеро, аввалроқ келиб кетган Оксфорд университети олимларининг тадқиқотлари салмоқли натижа берди: қизил рангли олмаларнинг чорак қисми - икки ярим минг нави Сиверс олмасидан келиб чиққани исботланди.

Жанна Мамбетова, Cultural Dialogue жамоат жамғармаси директори:

- Қозоғистон олманинг жаҳондаги барча маданий турлари бобокалонининг ватани. Бу факт хорижлик олимларни қизиқтиради. Тадқиқотчиларни ҳам. Фанлараро майдонда тадқиқот ўтказаётган олимларга замонавий санъат ижодкорлари ҳам қўшилди. Улар ўз лойиҳаларини ишлаб чиқяпти.

Хорижлик олимлар фикрича, Сиверс олмаси жаҳон фани ва маданияти учун бебаҳо аҳамиятга эга. У халқаро Қизил китобга киритилган. Дарахтнинг асл ҳолатини сақлаб қолиш учун нима қилиш зарурлигини аниқлаш ниятида олимлар тажриба ўтказяпти. Масалан, французлар дарахт танасига махсус датчиклар ўрнатди. Ускуна овозни ёзиб олади, шарбат йиғади ва таркибини ўрганади, дарахт ҳароратини ўлчайди. Немис режиссёри Антье Маевски эса бу дарахтнинг қиймати ҳақида «Олма эркинлиги» ҳужжатли фильмини суратга олди.

Антье Маевски, режиссёр, /Германия/:

– Фильмда мен бугунги кунда етиштирилаётган олмалар генетикаси ҳақида ҳикоя қиламан. Олма селекцияси кузатиб борилади. Улар туфайли пайдо бўлган муаммолар ҳақида ҳам гапираман. Маданий навлар чиқарилиши бир қанча оммавий ва сердаромад навлар кўпайиб кетишига олиб келди. Натижада, дарахтлар касалланишга мойил бўлиб боради, боғларда турли химикатлар ишлатиляпти. Миллион йиллардан бери яшаб келаётган Сиверс олмаси эса касалликларга қаршилик кўрсатиш учун етарлича фойдали бўла олади.

Тадқиқотчилар таъкидлашича, дунё дастлабки олма меваси қандай бўлганини билиши зарур. Махсус кўргазмалар замондошларимизга шундай билимларни бериши мумкин. Улар Франция, Германия, Бельгия, Австрия, Хитой ва Сингапурда ўтказилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси