Қозоғистонда 10 соат тинимсиз уча оладиган дрон яратилди

Қозоғистонда 10 соат тинимсиз уча оладиган дрон яратилди

Қуёш энергияси ҳисобига 10 соат уча оладиган ноёб дрон яратилди. Ишланма муаллифлари маълум қилишича, бу жиҳоз дронлар орасида учиш бобида мутлақ рекорд натижа кўрсатган. Бир қарашда ўйинчок самолётга ўхшайди. Атиги 4,5 килограмм вазнли, эни – икки метр. «SolarUAV» 10 минг метр юқорига кўтарила олади, бунга авиасозлик технологиялари асосида эришилди. Бундан ташқари, дрон соатига 170 километр тезликда ҳаракатланади. Ундан кенг кўламда фойдаланиш мумкин. Ускуна қишлоқ хўжалигида, одамларни қидириш, ҳудудларни кузатишда ишлатилиши мумкин. Ишланма муаллифлари лойиҳани такомиллаштириш ва дунё миқёсида мисли кўрилмаган натижаларга эришиш ниятида.

Алексей Оксененко, ишланма муаллифи:

- Парвоз вақтини узайтириш, сутка давомида ерга туширмаслик мумкин. Бир йил давомида, дея олмайман, лекин истасак, ёзги даврда 6 ойгача осмонда қолишига эришамиз. Яъни қишда тинмай учаверишини таъминлаш имконсиз. Лекин бу ҳақда ҳам ўйлаб кўриш мумкин. Таклифимиз Фавқулодда ҳолатлар вазирлигини қизиқтирди. Яқинда 5 та давлат вакиллари иштирок этадиган кўргазмада қатнашамиз. Улар ҳам эътибор билан қараяпти. Бу лойиҳа ҳарбийлар, махсус хизматлар ишида асқатиши мумкин.

Талаба Жанғали Мақсутов эса атрофдагиларнинг буйруғини бажарадиган ва қозоқ тилида гапирадиган робот яратди. У лойиҳа устида салкам 4 йил ишлади. Муаллиф келажакда кашфиётини такомиллаштириш устидаги ишни давом эттиради. Робот қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва саноатда ишлатилишига эришмоқчи.

Жанғали Мақсутов, талаба:

– Уйда мунтазам тажриба ўтказдим. Робот гапира бошлаши учун 10 дан ортиқ тажриба керак бўлди. Динамиклар устида ишладим, овози кўнгилдагидек чиқишига эришдим. Симларини тўғри улаш ҳам осон кечмади. Жуда катта меҳнат натижасида тўлақонли ишлай оладиган робот яратилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси