Марказий Осиё олимлари қўлёзмалари Тошкентда тақдим этилади

Марказий Осиё олимлари қўлёзмалари Тошкентда тақдим этилади

Марказий Осиё олимлари яратган асарларнинг қўлёзма нусхалари ягона тўпламда. Ноёб нашр «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро форумида тақдим этилади. Анжуман 14 сентябрда Тошкентда иш бошлайди. Ушбу китоб устида ўзбек мутахассислари билан бирга Европа олимлари ҳам иш олиб борган. Унда минтақанинг буюк олимлари асарлари тўпланган. Жумладан, юлдуз туркумларини ўрганган Улуғбек асарлари, йилномалар, Муқаддас Қуръони карим саҳифалари бор. Муаллифлар таъкидлашича, бу китобга келгусида қўшимча киритилади, нашр тақдимоти Қозоғистонда ўтказилади.

Александр Вильгельм, нашриётнинг маркетинг ва ривожланиш бўйича вице-президенти:

– Ушбу тўпламни чоп этиш учун анча вақт сарфланди. Чунки архив ҳужжатларининг кўп қисми Франция, Буюк Британия, Италия ва АҚШ музейлари, кутубхоналарида сақланади. Энг катта муаммо қайси асарлар Қозоғистонга, қайсилари Ўзбекистонга тегишли эканлигини аниқлашда бўлди. Чунки қўлёзмаларнинг кўп қисми форс-тожик тилида ёзилган. Биз европаликларга Марказий Осиё тарихи жуда қизиқарли. Китобни чиқаришдан асосий мақсад – бой тарихий меросни оммалаштиришдан иборат.

Абдумалик Сарманов таржимаси