Қозоғистонда самолёт ишлаб чиқарилади

Қозоғистонда самолёт ишлаб чиқарилади

Қозоғистонда ярим йилдан кейин маҳаллий авиация учун Россиянинг «Байкал» самолётлари ишлаб чиқарилади. Ҳозирча «Қозоғистон авиация саноати» базасида самолётлар фақат йиғилади. Лекин 2024 йилга бориб улар республикада ишлаб чиқарилади. Қозоғистон Авиация маъмурияти раҳбари Питер Гриффитс маълум қилишича, келгуси уч йил давомида мамлакат миллий авиапарки фаол янгиланиб бориши режалаштирилган.

Питер Гриффитс, Қозоғистон авиация маъмурияти бош директори:

- Келгуси уч йил ичида яна 45 та янги ҳаво кемаси Қозоғистонга олиб келинади. Ҳозир 51 та самолёт мунтазам парвоз қиляпти. Бу рақам ҳар йили камида 10 фоизга ўсиб бориши мзлжалланган.

Авиапарк ўсиши билан бир вақтда парвоз хавфсизлигига эътибор ортади. Шуни айтиш керакки, Қозоғистон ИКАО халқаро стандартларига мувофиқлик даражаси бўйича дунёнинг ўртача кўрсаткичидан 15 фоиз юқорида. Ёзда бўлиб ўтган текширувлар натижасида 84 фоизга етди.

Нурбек Бекмухамбетов, Қозоғистон авиация маъмурияти бош директори ўринбосари:

- 2021 йил бошидан Авиация маъмурияти инспекторлари ҳаво кемаларининг парвозга яроқлилиги бўйича 140 дан зиёд текширув ўтказди. Натижаларга кўра, 1500 дан зиёд турли камчиликлар кўрсатилди. Улар ҳаво кемасидан фойдаланаётган компаниялар томонидан бартараф этилди. 2021 йилдан парвозлар тикланди. Авиакомпаниялар мурожаатлари сони ҳам ортди. Жами жорий йил бошидан буён ҳаво кемалари парвозга яроқлилиги хусусида 122 та сертификат берилди.

Мунтазам ўтказилаётган халқаро мустақил инспекциялар Қозоғистонда парвоз хавфсизлиги юксаклигини кўрсатмоқда. Ёзда Еврокомиссия қарорига кўра, юртимиз авиакомпанияларидан бирортаси Европага учиши тақиқланган компанияларнинг қора рўйхатига тушмади. Бу эса соҳа ривожи учун яхшигина туртки беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси