Каспий экологиясига оид протокол ратификация қилинди

Каспий экологиясига оид протокол ратификация қилинди

Мажилис Каспий экологик муҳитини ҳимоялаш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Каспий денгизи атроф-муҳитига кўрсатилаётган таъсирни баҳолаш тўғрисидаги протоколни ратификациялашга оид тегишли ҳужжатни Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий захиралар вазири Мағзум Мирзағалиев тақдим этди. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон денгизнинг шимолий қисмида жойлашган. Бу участка табиий муҳити энг нозик қисмлардан бўлиб, экологияси ва биозахиралари ҳимояга муҳтож. Вазир маълум қилишича, айнан шунинг учун бу ҳужжат муҳим аҳамиятга эга.

Мағзум Мирзағалиев, Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий захиралар вазири:

- Каспий денгизида углеводороднинг улкан захиралари мавжудлиги ушбу ҳавзада экология ва биологик захираларни ҳимоялаш талабини илгари суради. Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Қозоғистон конвенцияга боғлиқ қатор протоколларни имзолаган. Мазкур протокол билан бошқариладиган фаолият турлари белгиланди. Уларга нефтни қайта ишлаш заводлари, қуввати 300 мегаваттдан зиёд бўлган иссиқлик электр станциялари, чиқиндиларни ёқувчи заводлар, атом электр станциялари ва бошқа ядро реакторлари, қурилиш, йўлларни қайта қуриш ва кенгайтириш киради.

Вазир таъкидлашича, протоколни ратификация қилиш салбий ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, экологик оқибатларга олиб келмайди ва давлат хазинасидан қўшимча харажат талаб қилмайди. Ушбу ҳужжатни чегараоша контекстда Қозоғистон билан бирга Озарбайжон, Эрон, Россия ва Туркманистон қабул қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси