Жамбилдаги портлаш тафсилотлари маълум бўлмоқда

Жамбил вилоятидаги ҳарбий омборда камида 10 та портлаш рўй берган. Портлаш қолдиқлари тарқалиш радиуси - уч километр. Шу сабабли яқинда жойлашган 3 та қишлоқда яшовчи 220 нафар аҳоли зудлик билан кўчирилган. Ҳозирда ёнғин ўчирилди, аммо қолдиқлар ҳамон тутамоқда. Омборда асосан муҳандислик жиҳозлари сақланган.

Нурлан Ермекбаев, Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири:

- Ёнғинни ўчиришга зудлик билан ҳарбий қисмнинг уч расчёт таркибдаги ўт ўчириш командалари жалб этилди. Қўшинлар қисми навбатчиси дарҳол «Жануб» ҳудудий қўмондонлиги бошқармасининг оператив навбатчилик қисмига хабар берган. Биринчи босқичда ёнғинни бартараф этишга жами 500 одам жалб қилинган, кейин эса улар сони 1000 тага оширилган, Мудофаа вазирлиги ҳамда ФВВнинг 24 та ўт ўчирувчи машинаси келтирилган.

Маълум бўлишича, олов омбор биносини тўлиқ эгаллаган. Дастлабки маълумотларга кўра, у ерда 500 тоннадан кўпроқ тротил сақланган. Ёнғин жойига яқин ерда яшовчилар Тароз шаҳрига кўчирилган.

Бердибек Сапарбаев, Жамбил вилояти ҳокими:

– Портлаш жойи яқинида 3 та аҳоли манзили мавжуд. Энг яқин бўлган Қайнар қишлоғи бор-йўғи 1 километр нарида. Қолган иккитаси - 5 километр масофада. Мазкур учта аҳоли пунктида 718 киши яшайди. Кеча улар бошқа жойга кўчирилган, яъни 10 та мактаб ва 5 та коллеж ётоқхонасига жойлаштирилди.

Таъкидлаш жоиз, 26 август куни кечки соат 7 га яқин пайтда Тароз шаҳрига яқин ердаги ҳарбий омборда портлаш рўй берган. Ушбу ҳолат сабабларини аниқлаш учун жиноий иш қўзғатилган бўлиб, тергов олиб борилмоқда. Дарвоқе, ёнғинни ўчириш учун Алмати ва Чимкентдан қўшимча куч жалб қилинган. Ҳозирда вазият назорат остида.