10 август – буюк Абай туғилган кун

Абай
vechastana.kz

Пойтахтда Қозоғистон талаба ва ўқувчилари Абай портрети туширилган пазлни намойиш этди. У 200 та суратдан иборат. Муаллифлар - халқаро ва республика танловлари ғолиблари. Ўтган йили Москва шаҳрида қозоқ ёзма адабиёти асосчиси туғилган кунга бағишлаб худди шундай акция ташкил этилганди. Энди портрет Семейдаги Абай музей-қўриқхонасига топширилади.

Ольга Скальчук, Россия маданият маркази маданий дастурлари координатори, Нур-Султон шаҳри:

- Ўтган йили Абай Қўнонбоевнинг 175 йиллиги муносабати билан биз бирорта қизиқарли нарса яратиш ҳақида ўйладик. Мана шу майдонга Абай Қўнонбоев сурати туширилган улкан пазл қўйишни режалаштирдик. Афсуски, ўтган йили бу ғоямизни тўла-тўкис рўёбга чиқара олмадик. Бошланган пандемия ишимизга халал берди, пазл кўнглимиздагидай улкан бўлмади. Ҳамма жойлар ёпилганди. Уни Москвада, Абай ёдгорлиги қошида намойиш этдик. Сўнгра бу анъанани давом эттирамиз дедик ва, мана, пазл Абай ватанига қайтиб келди.

Пандемия ҳамма соҳаларга таъсир қилди. У шоир туғилган кунини нишонлашга ҳам тўғаноқ бўлди. Жорий йилда Абай туғилган кун у қадар кенг кўламда байрам қилинмайди. Монументга гуллар қўйилди, шоир ижоди мухлислари унинг ўлмас мисраларини тилга олди. Таъкидлаш жоизки, мутафаккирнинг бой ижодий мероси инсониятнинг абадий ва бебаҳо бойлиги бўлиб қолаверади.

Алексей Бородавкин, Россия Федерациясининг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

- Абай ижоди ва меросида қозоқ ва руслар қардош халқлар эканлиги, бу дўстликни асраш, мустаҳкамлаш кераклиги аниқ кўрсатилган. Мазкур фикрлар бугунги кунда ҳам долзарб. Шунинг учун, менимча, буюк мутафаккир Абай таваллуд топган кунни фақат қозоқлар ва қозоғистонликлар эмас, Россия аҳли ҳам нишонлаши зарур, меросини эъзозлаши керак.

Таъкидлаш лозимки, ўтган йили, шоир таваллуднинг 175 йиллигида 10 август Абай куни, деб эълон қилинганди. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган маданий тадбирлар жаҳонинг кўплаб давлатларида ўтказилди.

×