Қозоғистон дўмбирачилари халқаро фестивалга боради

Қозоғистон дўмбирачилари халқаро фестивалга боради

Қозоғистон дўмбирачилари йирик мусиқий фестивалда иштирок этиши кутиляпти. Халқаро анжуман 20-24 сентябрь кунлари Испанияда ўтказилади. Темирлан Ўлжабай ва Ернат Науриз икки асарни ижро этиши кутиляпти. 1-турда таниқли итальян скрипкачиси Никколо Паганинининг «Каприс-24» асари тақдим этилади. Иккинчи турда созандалар мусиқа тарихида биринчи марта дўмбира ёрдамида дунёга машҳур бўлган «Тахтлар ўйини» фильмидаги саундтрекни ижро этади. Бу унутилмас томоша бўлиши ваъда қилиняпти. Пандемия муносабати билан 1-тур онлайн-тартибда бўлиб ўтади.

Темирлан Ўлжабай, дўмбирачи:

- Мазкур фестиваль ҳар йили Испаниянинг Коста Браве шаҳрида ўтказилади. Жорий йилда Қозоғистон санъатини кўрсатишимиз учун таклиф этишди. Биз учун бу жуда шарафли вазифа. Мусиқачи меҳмон ва танлов иштирокчиси сифатида қатнашамиз. Бу - улкан масъулият. Келажакда ҳаммани лол қолдириш ниятидамиз.

Шуни ҳам айтиш керакки, ёш, иқтидорли дўмбирачилар Токио Олимпиадасида Қозоғистон маданияти амбассадорлари сифатида қатнашади. «Темирлан-Ернат» дуэти 2017 йилда ташкил қилинган. Ўтган давр мобайнида GoldenTimeTalent дан ташқари улар АҚШдаги халқаро танловда олтин медаль олган. Туркия, Исроил, Европа шаҳарларида, шунингдек, Димаш Қудайберген билан бирга Хитойда санъатини намоён этган. Мусиқачилар учун қозоқ халқ чолғу асбобини дунёда оммалаштириш муҳим. Томошабинлар эса дўмбира овозидан завқланишда давом этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси