10 та корхона Саудия Арабистони учун ишончли экспортчига айланди

10 та корхона Саудия Арабистони учун ишончли экспортчига айланди

Қозоғистоннинг салкам 3 мингта қишлоқ хўжалиги корхонаси ўз маҳсулотини хорижга сотмоқда. Улар маҳсулоти Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи, Европа Иттифоқи, Хитой, Корея, Ўзбекистон, БАА, Япония, Туркия ва Саудия Арабистонида жуда харидоргир. Бир неча маҳаллий компания Саудия Арабистони учун ишончли экспортчилар рўйхатига киритилди.

Айдана Қўзибаева, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ветеринар назорати қўмитаси матбуот котиби:

- 2 минг 975 та агросаноат мажмуаси корхонаси чорвачилик маҳсулотлари тайёрлайди. Улар орасида гўшт, сут, балиқ маҳсулотлари, озуқалар, озуқавий қўшимчалар, асаларичилик маҳсулотлари, ветеринария препаратлари, шунингдек, чорвачиликдан олинадиган хомашё киради. Йил бошидан буён катта ишлар амалга оширилди. 10 та Қозоғистон компанияси Саудия Арабистони Қироллигига асал ва асаларичилик маҳсулотларини экспорт қилишга киришди.

Бугунги кунда Қозоғистон учун сифатли, экологик тоза маҳсулот чиқариш устувор йўналишлардан бири. Юзлаб корхоналар маҳсулоти сифат ва хавфсизлик жиҳатидан халқаро даражада тан олинган. Бу йўналишда ишлар давом этяпти.

Айдана Қўзибаева, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ветеринар назорати қўмитаси матбуот котиби:

- Хитой йўналишида қўшимча равишда яна 4 корхона қўшилди. Улардан 3 таси сут маҳсулотлари, биттаси балиқ маҳсулотлари чиқаради. Шунингдек, Корея экспорт рўйхатига Қозоғистоннинг 4 та сут маҳсулотлари корхонаси кирди. Чарм экспорти бўйича 4 та корхона Туркия билан ишлаяпти. Бирлашган Араб Амирликлари рўйхатида мамлакатнинг 6 та гўштни қайта ишлаш корхонаси бор.

Жорий йилда вазирлик олиб борган салмоқли ишлар натижасида экспорт қилинаётган товарлар рўйхати кенгайди ва янги бозорлар очилди. Европа Иттифоқи, Жанубий-Шарқий Осиё ва Туркияга маҳсулот жўнатиляпти. Пандемияга қарамай, қозоғистонлик тадбиркорлар ўз маҳсулотини дунё бўйлаб сотишга муваффақ бўлмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси