Парижда ғилдиракли ошхона иш бошлади

Парижда ғилдиракли ошхона иш бошлади

Қозоқ ошхонаси Парижда тобора оммалашмоқда. Франция пойтахтида чимкентликлар миллий таом тарқатувчи фургонни ишга туширди. Тайёрланишди. Лойиҳани ишга тушириш учун жами бир йил кетди.

Мадина Қулманова, "DelicesDesSteppes" компанияси ҳаммуассиси:

- Аслини олганда, Қозоғистонни илгари суриш мақсадларимиздан бири. Лекин юртдошларимиз шу қадар қувониши, бизни қўллаб-қувватлашини тасаввур қилмагандик. Французлар «Сизлар кимсиз? Бу нима? Татиб кўриш мумкинми?» деб сўрайди. Имкон қадар жавоб берамиз, тафсилотларни ҳикоя қиламиз, Қозоғистон қаерда ва қандайлигини айтамиз. Албатта, бу халқимиз учун яхши реклама.

Фургон пайдо бўлиши тўғри маънода қозоқ диаспорасини тўлқинлантириб юборди. Шатийон-Монруж метро станцияси яқинидаги фуд-трекка маҳаллий қозоқлар оқиб кела бошлади. Ғилдиракли ресторан ҳафтада беш кун ишлаб турибди, келажакда Париж атрофини айланиш ниятида.

Жонатан Дассен, қўшиқчи:

- Назаримда, бу жуда яхши ғоя. Французлар бу ошхонани яхши билмайди, уларни жалб этиш, масалан, қозоқча сомса пиширишга қизиқтириш зарур. Мен бу фуд-трекка муваффақият тилайман, ғоя жуда яхши.

Нежет Тунжер, қозоқ диаспораси вакили:

– Фуд-трек ишлай бошлаганини фейсбукдан билдим ва дарҳол шу ерга келиб, татиб кўришга қарор қилдим. Сотиб олдим, уйда оиламни меҳмон қилмоқчиман. Қаерда яшасак ҳам қозоқмиз. Бу ерда яшовчиларнинг кўпчилиги Қозоғистонни билмайди. Бундай ишлар мамлакатимизга қизиқиш уйғотади.

Харидорларга «Номад», «Дашт», «Ипак йўли» номли мажмуавий тушликлар таклиф қилинади. Лойиҳа муаллифлари келажакда таом ассортиментини кенгайтириш ниятида. Мижозларга қази ва қурут тақдим этилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси