Жаҳон мусулмонлари Қурбон ҳайитини нишонламоқда

Жаҳон мусулмонлари Қурбон ҳайитини нишонламоқда

Пандемия даврида Қурбон ҳайити. Жорий йилда бутун дунё бўйлаб бу байрамни нишонлаётган мусулмонлар санитария талабларига жиддий эътибор қиляпти. Санкт-Петербургда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун масжидлар ёпилди. Бангладешда эса, аксинча, мамлакатда жиддий карантин эълон қилинган бўлса ҳам байрам арафасида коронавирус чекловлари юмшатилди. Лекин ҳукуматнинг бу қарори қаттиқ танқидга учради. Мамлакатда COVID-19 юқтирганлар ҳамда вафот этганлар сони камаймаяпти.

Бе -Назир Аҳмад, соғлиқни сақлаш соҳаси эксперти:

- Ҳозир кўплаб одамлар шаҳардан қишлоққа кетяпти. Уларнинг ҳар бири вирус ташувчи бўлиши мумкин. Буни унутмаслик керак.

Покистон аҳолиси эса хавфсизлик мақсадида қурбонлик қилинадиган жониворга интернет орқали буюртма беришни афзал кўрмоқда. Тадбиркор Сания Муниф айтишича, бундай усул касаллик юқишининг олдини олади, харидларни кўпайтиради. Чунки одамлар бозорга боришга қўрқади.

Сания Муниф, тадбиркор:

– Мен 4 йилдан буён бизнесдаман. Аввалига қариндошларим билан бирга ишлаганман. Пандемия даврида одамларда интернет орқали маҳсулот олишга қизиқиш кучайганини кўрдим. Шу тариқа қурбонлик учун сўйиладиган молларни онлайн сотиш ғояси туғилди. Бу мен каби ёш тадбиркорлар учун яхши имконият.

Ҳиндистоннинг кўплаб штатларида чеклов чоралари кўрилмоқда. Ҳукумат ҳайит кунларида уйда қолишни тавсия этган. Бошқа кўплаб мамлакатларда бўлгани каби масжидлар ёпилган. Таъкидлаш жоизки, бу давлат коронавирус қурбонлари сони жиҳатидан дунёда учинчи ўринда турибди. Пандемия соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам, иқтисодиётга ҳам катта зарар етказди. Товарлар бир неча марта қимматлашган.

Мир Музамил, дўкон соҳиби:

– Бозорга кўпчилик келмай қўйган. Экспертлар маълум қилишича, коронавируснинг учинчи тўлқини бошланди. Шунинг учун одамлар нарса олишга шошилмаяпти. Пули борлар келажакни ўйлаб, тежашни маъқул кўряпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси